Бугун ўзбекистонликлар орасида жонивор боқадиганлар кўпайган. Айниқса ёз кунларида кўчада сайр қилиб юрган ит ёки мушуклар ҳам талайгина. Ва улар қутуриш касаллигининг асосий тарқатувчиси ҳисобланади. Бу касалликдан қандай ҳимояланиш ва давоси ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутахассиси Клара Ражаббоева Кun.uz’га интервью берди.

– Қутуриш билан касалланиш бугунги кунда қанчалик кўп учрайди?

– Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 59минг одам қутуришдан вафот этади. Ўлимларнинг 95 фоизи Африка ва Осиё давлатларида содир бўлади. Албатта, уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бор.  Ўзбекистон қутуриш касаллиги бўйича табиий ўчоқли ҳудуд ҳисобланади. Республикада касаллик ҳар йили, ўз вақтида антирабик ёрдам учун тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмаслик оқибатида ва саноқли сонларда қайд этилади.

– Қутуриш қанақа касаллик ва қандай йўллар билан юқади?

– Қутуриш (гидрофобия) – иссиққонли ҳайвонларда учрайдиган, нейротроп вирус қўзғатадиган, касалланган ҳайвоннинг сўлаги билан мулоқот натижасида (тишлаши, тирнаши, сўлаклаши ва бошқа мулоқотлар) юқадиган, марказий асаб тизимининг чуқур шикастланиши билан кечадиган ва бугунги кунда ўлим билан якун топадиган оғир зооантиропоноз, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касалликдир.

Бу касаллик ҳатто кемирувчилар ва кўршапалаклардан ҳам тарқалиши мумкин. Касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва ҳайвонлардан одамларга юқади. Одамдан одамга ва одамлардан ҳайвонларга юқмайди.

– Қутуриш касаллигининг белгилари қанақа, ривожланиш босқичлари қандай кечади, бундай беморда қандай аломатлар кузатилади?

– Қутуриш клиникасининг кечишига қараб, уч даврга бўлинади: бошланғич, қўзғалиш ва фалаж даврлари.

Касалликнинг бошланғич даври 1-3 кун давом этади.

Аломатлари:

  • Тишланган жой қичийди, тортишиб оғрийди, битган жароҳат ва чандиқ такроран яллиғланади.
  • Бемор тушкунликка тушади, одамлар билан мулоқотдан қочади, уйқуси бузилиб, иштаҳаси бўғилади, унда қўрқув ҳисси пайдо бўлади, кайфияти ўзгариб туради, атрофга лоқайд бўлади.
  • Тана ҳарорати субфебрил бўлади, эшитиш ва кўриш қўзғатувчиларига нисбатан сезгирлик ошади.