Ўзбекистон | 09:59 / 15.10.2019
15992
2 дақиқада ўқилади

ОТМда бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони қайта кўриб чиқилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида” 2008 йил 1 августдаги 164-сон қарорининг 4-бандининг таклиф этилаётган таҳририга кўра, ОТМда  ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати қайта кўриб чиқилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, олий таълим муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идораларнинг кундузги ўқиш бўйича олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативлари:

2009/2010 ўқув йилидан бошлаб - 1:10,5;
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб - 1:12,0;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб - 1:14,0;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб - 1:16,0 нисбатида белгиланиши мумкин.

Шунингдек, олий таълим муассасаси кенгашларига зарур ҳолларда мазкур нисбатларни 50 фоизгача ўзгартириш ваколатини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Белгиланишича, таълим соҳалари блоклари ва шакллари бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг нормативлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид