Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳаллий ва чел эл инвесторлари учун ягона ҳуқуқий режим жорий этилади
Ўзбекистонда маҳаллий ва чел эл инвесторлари учун ягона ҳуқуқий режим жорий этилади. Бу ҳақда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Юридик бошқармаси катта референти Нурали Оллаберганов хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилди.
Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан амалга ошириладиган инвестициялар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун тенг шароитлар яратиш, инвестиция фаолияти соҳасида нормаларни ягона қонунчилик ҳужжатида бирлаштириш, бу орқали инвесторларга янада қулай бўлган иш шароитларини яратиш, турли хил бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, ҳудудий инвестиция сиёсатини олиб боришда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ролини кучайтиришга эришиш лойиҳанинг асосий ғояларини ташкил этади.
Бундан ташқари, лойиҳада миллий қонунчиликда мавжуд бўлмаган бир қатор янгиликлар кўзда тутилган. Хусусан, лойиҳа ягона қонун доирасида инвестиция фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирлаштиришни, халқаро тажрибани ўрганиш натижасида инвесторлар ва инвестицияларни ҳимоя қилишга қаратилган янги нормаларни жорий этишни назарда тутади.
Шунингдек, унга ҳам маҳаллий, ҳам чел эл инвесторлари учун ягона ҳуқуқий режимнинг жорий этилиши, инвесторлар учун инвестиция визаси, инвестицион солиқ кредитлари ва субсидиялар, маънавий зарарни қоплаш сингари янги тушунчалар киритилган.
Шу билан биргаликда, қонун лойиҳасида эътибордан четда қолдирилган бир қатор жиҳатлар ҳам мавжуд. Хусусан, лойиҳанинг 15-моддаси 3-хатбошиси ўзбек тилидаги матнида кўчмас ва бошқа турдаги мулк ва уларга бўлган ҳуқуқлар инвестиция манбалари сифатида эътироф этилмоқда.
Конституциянинг 49-моддасида маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасида экани, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
Қонун лойиҳасидаги мазкур норма бош қомус ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилиши зарур. Ана шунда эртага бирор сармоядор, дейлик, “Абдуллахон” ёки “Регистон” майдонидаги маданий мерос объектларига инвестиция киритиш шарти билан уларни сотиб олиш ёки ижарага олишга даъвогар бўлиб чиқмайди, дейди Н. Оллаберганов.
Мавзуга оид
19:32 / 15.05.2026
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
15:26 / 18.02.2026
Давлат байроғини намойиш этишда ягона талаблар жорий этилади
16:19 / 16.02.2026
Истеъмолчилар шартномаларида ноқулай шартлар чекланади
12:27 / 16.02.2026