Спорт | 14:00 / 22.10.2019
13972
10 дақиқада ўқилади

Клопп ёки Сульшер? Ким зўр?

«МЮ» бир соат мобайнида «Ливерпуль»дан зўр эди.

Фото: Catherine Ivill/Getty Images

Дуранг билан якунланган «Манчестер Юнайтед» – «Ливерпуль» ўйини ҳақида жуда кўп нарса ёзилди, айтилди, муҳокама қилинди. Гап ҳакамнинг қарорлари ёки «Ливерпуль»нинг мавсумда илк бор очко йўқотиши эмас, айнан мураббийларнинг тактик кураши ҳақида кўпроқ бўлмоқда. Бу табиий, чунки ўйин дербиларга хос эмоция, кураш ва чиройли голлардан кўра, айнан тактик юришлар, мураббийларнинг қарорлари билан ёдда қолди.

Аксарият ҳолатларда мезбонлар устози Сульшерга нисбатан мақтовлар ёғилганини кўрмоқдаман. Тўғри, бу фикрларга қўшиламан, ростдан ҳам «иблислар» мураббийининг ўйинга бўлган тайёргарлиги, рақибнинг энг устун тарафларини йўққа чиқариб, қуролсизлантириш борасидаги режалари таҳсинга лойиқ. Айнан Сульшернинг ўйинга танлаган режаси аслида орасида катта масофа бўлган икки жамоа ўртасидаги фарқни қисқартира олди – бугун, куч борасида ер билан осмон бўлган икки клуб ўртасидаги дуранг ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаяпти.

Масалан, бир ойча олдин «Ливерпуль» меҳмони бўлган «Арсенал» мураббийи Эмери айнан ўйинга танланган бошланғич тактикада адашган – ромб шаклидаги ярим ҳимоя билан майдонга тушган «Арсенал» рақибнинг асосий қуроли бўлмиш қанот ҳимоячиларига ҳаддан ташқари эркинлик бериб юборганди. Натижада, деярли ҳужум учлиги билан бир чизиқда ҳаракат қилган Робертсон – Трент жуфтлиги билан 5 ҳужумчидан иборат қаршиликка лондонликлар дош бера олишмаганди.

Сульшер эса, мавсумда илк марта 3-4-1-2 билан ўйнади ва бунинг ёрдамида, «Ливерпуль»нинг қанотлари буткул ёпилди. Робертсон ҳам, Александр-Арнолд ҳам ўзларининг севимли услубида ҳаракатлана олмади. Нафақат қанотлар, балки «Ливерпуль»нинг ҳар бир ўйинчиси мана шундай босимга дуч келди, Сульшер персонал таъқибни танлагани учун. Масалан, биринчи бўлимда меҳмонлар етакчиси Садио Мане таркибда энг кам тўп билан муомала қилган футболчи бўлди, иккинчи ўринда эса, айнан ҳужумларни бошлаш ва ўйинни ташкил қилишга масъул бўлган Фабиньо – атиги 14 марта. Ўйин ҳақида фикр билдирган Жозе Моуриньо ҳақ – «Клопп менюдан норози бўлди, у гўшт кутганди, балиқ келтиришди».

Фақатгина Юрген Клоппнинг рақибнинг режасига берган жавоби, яъни алмаштиришлар орқали майдон марказини кучайтириш қарори учрашув картинасини ўзгартира олди. Бу ерда «Манчестер Юнайтед» захира ўриндиғининг кучсиз экани ҳам панд берди. Айнан марказда ёрдам бера оладиган футболчилар йўқлиги туфайли, Сульшер Клоппга муносиб жавоб қайтара олмади. Яъни, агар жамоалар таркибининг аҳволи, жароҳатлар, яъни мураббийлар қўл остидаги масаллиқ нуқтайи назаридан фикрласак, аслида дуранг Сульшернинг ютуғи бўлиб чиқади, тўғрими?

Энди асосий фикрга келамиз. Хўш, нима бўлибди шунга? Бу ўйин мураббий сифатида Сульшернинг Клоппдан ақллироқ эканини кўрсатадими? Нима, норвегиялик мутахассис ўйинга яхшироқ тайёрланади, тактик томондан кучлироқми? Йўқ.

Мураббийлар одатда, икки йўналишни тенг олиб боришлари лозим. Биринчиси, алоҳида ўйинларга тайёргарлик, айниқса, катта ўйинларга мос режаларни ишлаб чиқа олиш бўлса, иккинчиси, жамоанинг автоматлаштирилган ўйинини яратиш, яъни доимо ишлайдиган, суянса бўладиган пойдеворни қуриш. Биринчи йўналиш – айнан бир ўйиндаги вазифалар, Манени қандай ёпиш, Фабиньони қандай зарарсизлантириш, Робертсонни қандай чеклаш, қайси нуқтадан ҳужум қилиш бўлса, иккинчи йўналишда, умуман, ўйинларда қандай қилиб ҳужумни бошлаш, тўпни назорат қилиш, позицион ҳужум, стандарт вазиятлар ва ҳоказолар устида ишланади.

Сульшер режа ишлаб чиқаётганда айнан «Ливерпуль»нинг устунликларига урғу бериши, Клоппнинг эса, кўпроқ ўз жамоаси ўйини ҳақида ўйлаши, бу мураббийлар ўртасидаги фарқ ёки Клоппнинг хатоси эмас. Шунчаки, юқорида тилга олганим иккинчи вазифа Клопп томонидан яхшироқ ҳал қилинганидир. Яъни, «Ливерпуль»нинг ўйини бор, «Ливерпуль» кучли, «Ливерпуль» ҳар томонлама устун, шунинг учун Клопп айнан «Манчестер Юнайтед» билан ўйинда рақиб ҳақида камроқ қайғуради – «Ливерпуль»да ҳар қандай рақибга қарши ишлаши мумкин бўлган тизим бор.

Биз Клоппни масалан, «Барселона» ёки «Бавария» каби кучлироқ рақибларга қарши ҳам кўрганмиз. Аслида у ҳам алоҳида ўйинларга тайёрланишда беназир мураббийлардан бири. Шунчаки, «Ливерпуль» олдида бугунги «Манчестер»нинг даражаси шундай – Клопп бундай ўйинларга қалқон билан эмас, қилич билан кира олади.

Биз кўп кўрамиз, айнан Пеп Гвардиола ёки Юрген Клопп каби мураббийларнинг рақиб қопқонига тушиб қолишлари, кучсизроқ жамоалар айнан мураббий кўрсатмалари асосида «Манчестер Сити» ёки «Ливерпуль»ни енгиб кетишлари. Бу табиий ҳолат, чунки «Ливерпуль» ҳамма билан натижага эришиш мумкин бўлган ўз ўйинига эга бўлгандан кейин, албатта, бугун ёки эртага ўзига қарши мукаммал тайёрланган рақибга дуч келади. Дуранг ёки мағлубиятга учрайди. Лекин қаранг, бундай ҳолатлар жуда кам фоизни ташкил қилади, пешқадамларнинг «ўз ўйини» аксарият ўйинларда ғалаба олиб келади.

Энди Сульшерга қайтамиз. Хўп, рақибга қарши ажойиб тайёргарлик, бу учун мақтаймиз. Гўёки, «Ливерпуль» билан дуранг, энди ҳар қандай жамоани енгиш мумкинлигидан далолат қиладигандек. Аммо Сульшер ҳар бир ўйинга шундай тайёрлана оладими? Эртага «Норвич» билан «Пуккининг устунлиги шунда», «Кантвелни мана бундай ёпиш керак» деб деталли режа тузадими? Йўқ, биринчидан, «Норвич» «Ливерпуль» эмас, улар ҳам ўз навбатида «Манчестер Юнайтед»га нисбатан тактика белгилашга уринишади, иккинчидан эса, ҳар рақибга ҳар хил вазифа ва схемалар билан ўйнаш футболчиларнинг ёки умуман жамоанинг ўсишига олиб келмайди.

Бир пайтлар Василий Уткин Жозе Моуриньоиннг ҳар қандай жамоасини топ клублар қаторига киритмаслик кераклигини айтганди. «Чунки, Моуриньо урф бўла олмайди, унинг ўйини доим рақибга қараб қурилади, бундай жамоани эталон дейиш мумкин эмас» деб изоҳлаганди Уткин фикрини. Моуриньо худди шундай деталли тайёргарликни ҳар бир жамоага нисбатан қўллашга ҳаракат қилади. Менимча, унинг футболчилари учинчи йилга бори у билан зиддиятга киришиши ҳам шундан. Ахир футболчи доим курашишдан зерикади, футбол ўйнашни хоҳлайди, шундай эмасми?

Албатта, буни Сульшер билиши ва доимий ишлайдиган, «Норвич» билан ҳам, «Борнмут» билан ҳам бир хил тайёргарлик кўришга замин яратадиган ўз услубини яратиши бирламчи вазифа эканини тушуниши шубҳасиз. Бу борада ҳали Сульшер ҳеч нарсани исботламади, бу йўналишдаги ҳаракатлар натижасини бергани йўқ.

Буни тушунтириш учун, Френк Лэмпард ва «Манчестер Юнайтед» қарама-қаршилигини эслатиш кифоя. Бир йил олдин у «Дерби Каунти» билан «Олд Траффорд»га ташриф буюрган ва мезбонларни кубокдан чиқариб юборган. Ўшанда унинг қўл остида «Дерби» эди, табиийки, бу жамоа билан «МЮ»га пастдан туриб қараларди. Рақибга қарши яхши тактик тайёргарликка эга мураббий керакли натижани қўлга киритганди. Кейин эса, у «Челси» билан келди «Олд Траффорд»га. Энди таркиб ва куч жиҳатидан «Челси» устунроқ, Лэмпард бемалол аввало, ўз ўйини ҳақида қайғуриш шароитига эга эди. Ва «Челси»га деталли шаклда тайёрланган Сульшернинг қопқонига тушди. Ўз навбатида, жуда кўп марта Сульшернинг ўз ўйини билан ўйнамоқчи бўлгани ва кучсизроқ клублар қопқонига тушиб қолганини ҳам кўрганмиз.

Айтмоқчиманки, Сульшернинг тактик томондан Клоппни енггани ундан ақллироқ, устароқ эканини англатмайди. Ва яна қўшимча қилиш мумкинки, бундай алоҳида ўйинлар «Манчестер Юнайтед»га фақат топ-учрашувларда қўл келиши мумкин бўлган қандайдир кўникма ва тажриба нуқтайи назаридан фойдали, холос. Яъни, бу ўйинни «МЮ»да ишлаб кетган қанақадир тизим ёки бурилиш нуқтаси деб қарамаслик керак. «Манчестер Юнайтед» кутилмаган бир очко ва ўз кучига нисбатан ишончга эга бўлди холос, асосий меҳнат ҳали олдинда.

Ҳа айтганча, ўша меҳнат учун қўшимча вақт ҳам ютди Сульшер.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид