Спорт | 23:03 / 22.10.2019
5735
2 дақиқада ўқилади

Парижда 2024 йилги Олимпиада логотипи тақдим қилинди

Парижда 2024 йилги ёзги Олимпиаданинг логотипи тақдимоти бўлиб ўтди. У ўзида учта рамз – медаль, Олимпия машъаласи ва энг танилувчи француз аёли сиймосини ўзида бирлаштирган.

Бир қарашда логотип оқ рангдаги аланга тасвирига эга думалоқ олтин медални ифодалайди. Бироқ бошқача талқинда унда аёлнинг юзи ва малла сочларини кўриш мумкин. Бу сиймо Франциянинг рамзларидан бири ва  “Озодлик, Тенглик, Биродарлик” миллий шиорининг тимсоли ҳисобланган Марианнанинг юзидир.

“Медаль, олов, Марианна. Париждаги 2024 йилги Олимпиада ва Паралимпиаданинг янги юзи”, деб маълум қилинган Олимпиада ташкилий қўмитасида.

“Медаллардан энг чиройлисининг шакли ва рангига эга логотип спортнинг бош қадриятларидан бири – мукаммалликка интилишни ифодалайди. Олимпия ва Паралимпия машъаласи ҳамиша ўзига хос хотираларни эслатади. Аланга бизни орзу қилишга, Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ташкиллаштиришнинг янги усулларини излашга чорлайди. Ва ниҳоят, Марианна. Эмблема бутун дунёга машҳур француз миллий рамзи бўлган аёлга ҳурмат бажо келтиришдир”, дейилган Халқаро Олимпия қўмитаси сайтида.

Тарихда биринчи марта Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг эмблемаси бир хил бўлади.

2024 йилги Олимпиада Парижда 26 июлдан 11 августгача, Паралимпиада эса 28 августдан 8 сентябргача бўлиб ўтади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид