Муроджон Азимов Халқаро божхона форумида иштирок этмоқда
2019 йил 24-25 октябрь кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро божхона форумида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Муроджон Азимов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.
Форумда “Божхона тизимининг халқаро замонавий иқтисодий муносабатлардаги ўрни” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Муҳокамаларда иштирокчилар замонавий дунёда келгусида божхонанинг ўрни қандай бўлади, рақамли божхонани жорий қилиш орқали унинг тараққиётини янги босқичга кўтариш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Божхона маъмуриятчилигини янада соддалаштириш ва божхона операциялари учун сарфланадиган вақтни янада қисқартириш юзасидан ўзаро фикр мулоҳазалар алмашилди.
Халқаро божхона форуми 1999 йилдан бери Россияда ўтказиб келинган анъанавий “Божхона хизмати” йиллик кўргазмасининг янгича форматидир. Бу йил мазкур тадбир халқаро аҳамият касб этиб, энди унда дунёнинг 27 та давлатидан ташриф буюрган 110 дан ортиқ делегациялар ўзларининг интерактив-кўргазмали экспозициялари билан иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси делегацияси томонидан ташкиллаштирилган экспозиция ҳам форум иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.
Россия, Озарбойжон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар божхона хизматлари раҳбарлари Ўзбекистон экспозициясида бўлиб, ўзларининг илиқ фикрларини билдиришди. Беларусь Давлат божхона қўмитаси раиси Ю.А.Сенько ҳам Ўзбекистон божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Экспозициядаги Давлат божхона хизмати органлари фаолиятига доир видеороликлар ва кўргазмали тақдимотлар намойишида соҳага жорий қилинган энг сўнгги ютуқлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинмоқда.
Хусусан, иқтисодий манфаатлар ҳимояси ва иқтисодий хавфсизлик таъминоти, тезкор ва самарали божхона назорати, тўлиқ ва тўғри ундирилган божхона тўловлари, контрабанда ва божхона қоидабузарликларига қарши муросасиз кураш, ташқи савдо операцияларининг билвосита мониторингини йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида алоҳида сўз юритилган.
Форум қатнашчиларида Ўзбекистонда жорий қилинган Хавфни бошқаришнинг илғор миллий тизими, кенг миқёсда амалиётга татбиқ замонавий ахборот технологиялари, Жаҳон божхона ташкилоти томонидан тан олинган минтақадаги ягона Миллий кинология маркази фаолияти, кадрларни касбий тайёрлашнинг янги тизими ва тобора кенгаяётган халқаро алоқалар алоҳида қизиқиш уйғотди.
Умумий ҳисобда бу йил форум 2 мингдан ортиқ қатнашчиларни қамраб олган.
Экспозицияга ташриф буюрган меҳмонлар нафақат мамлакатимиз божхона хизмати органларининг илғор ютуқлари билан танишишди балки ўзларини жаннатмакон юрт ва меҳмондўст ўзбек халқи бағрида ҳис қилишди.
Мавзуга оид
19:30 / 31.01.2023
Имтиёз, қулайлик ва йўқолаётган бюрократия – божхона тизимида нималар ўзгарди?
23:41 / 11.01.2023
Заргарлик буюмларини Ўзбекистондан олиб чиқиш бўйича енгиллик берилди
07:32 / 07.01.2023
Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун божхона тўловларини аниқлаш тартиби ўзгаради
08:28 / 28.12.2022