22:57 / 26.10.2019
0
11124

РПЛ. «Ростов» Ерёменконинг дубли эвазига ғалаба қозониб, 2-ўринга кўтарилди

Россия чемпионати 14-турининг навбатдаги ўйини Ростовда якунланди. Ўз майдонида «Сочи»ни қабул қилган «Ростов» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндаги ҳар икки голга Роман Ерёменко муаллифлик қилди.

Ўйинни ҳар икки жамоа хотиржамлик билан бошлади. Дастлабки 10 дақиқада «Ростов» Байрамян ва Ерёменконинг ноаниқ зарбалари билан ёдда қолди. 23-дақиқага келиб Элдор Шомуродов илк марта дарвоза томон зарба йўллади. Ерёменконинг узатмасини бош билан дарвозага йўллаган Шомуродовнинг зарбаси бироз кучсиз бўлди.

28-дақиқада «Ростов» ҳисобни очиши мумкин эди. Роман Ерёменконинг зарбасини Байрамян йўл-йўлакай бош билан дарвозага йўналтирди, аммо дарвозабон тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. 33-дақиқада Роман Ерёменко яна бир хавфли вазият яратди. Унинг ўткир бурчакдан туриб берган зарбаси дарвоза тўрига ташқи томондан тегди. 34-дақиқада «Сочи» яримҳимоячиси Никита Бурмистров чап қанотдан марказга ўтиб зарба йўллади, аммо мўлжалда бироз адашди.

41-дақиқада ўйинда ҳисоб очилди. «Сочи» жарима майдончасида пайдо бўлган пала-партишликдан фойдаланган Роман Ерёменко олис бурчакни аниқ нишонга олди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада Шомуродов чалқанчасига зарба йўллади, аммо ноқулай ҳолатда йўллангани учун зарба кучсиз чиқди.

51-дақиқада «Сочи» ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Антон Заболотнийнинг узатмасидан сўнг Ибрагим Цаллагов яқин масофадан зарба йўллади, аммо Бабурин сейв қайд этиб, тўпни қайтарди.

78-дақиқасида Роман Ерёменко ўйиндаги иккинчи голни ҳам урди. Унинг зарбаси ҳимоячига тегиб, дарвоза тўрига бориб тушди. Бу ғалабадан сўнг «Ростов»нинг очколари сони 29 тага етди ва Карпин жамоаси 2-ўринга кўтарилди.

РПЛ. 14-тур
«РОСТОВ» — «СОЧИ» 2:0
«Ростов Арена» стадиони, 33 716 томошабин.
Гол
: Роман Ерёменко (41, 78).

«Ростов»: Егор Бабурин, Алексей Козлов, Евгений Чернов, Дмитрий Чистяков, Ивелин Попов, Деннис Хаджиканунин, Матиас Норманн (Данил Глебов, 85), Хорен Байрамян (Бахтиёр Зиёвуддинов, 63), Роман Ерёменко, Алексей Ионов (Александр Саплинов, 76), Элдор Шомуродов.

«Сочи»: Сослан Жанаев, Игорь Юрганов, Никита Калугин, Миха Мевля, Алексей Померко, Никита Бурмистров, Ибрагим Цаллагов (Дмитрий Полоз, 76), Эльмир Набибулин, Андрей Мостовой, Кристиан Нобоа, Антон Заболотний (Александр Карапетьян, 70).

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top