Ўзбекистон | 14:34 / 26.10.2019
5366
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими жорий этилади

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими жорий этилади. Президентнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, қуйидагилар халқ таълими муассасалари ходимларини касбий ривожлантириш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

раҳбар, мутахассис ва педагог кадрларни узлуксиз касбий ривожлантиришнинг эҳтиёжларга асосланган самарали миллий тизимини жорий этиш ва такомиллаштириш;

халқ таълими раҳбар ва педагог кадрларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда илғор педагогика ва инновацион технологияларни эгаллаш ҳамда уларни мактаблардаги ўқув жараёнига самарали татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш;

 халқ таълими ходимларининг ўз касбий маҳорати ва педагогик фаолияти самарадорлигини мунтазам ошириб бориши, шу жумладан давлат тилини мукаммал билиш ва чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини оширишини қўллаб-қувватлаш;

малака ошириш таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларига чет эллик мутахассисларни жалб қилиш ва халқ таълими ходимларининг хорижий илғор таълим марказларида тажриба орттиришларини ташкил этиш;

халқ таълими муассасалари раҳбарлари – таълим соҳаси менежерлари ва ўқитувчилар касбий компетенциялари савиясини белгилашнинг миллий стандартлари тизимини амалиётга жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг замонавий технологияларини қўллаган ҳолда халқ таълими муассасалари раҳбар лавозимларига юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш;

халқ таълими муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларини танлаш, ишга қабул қилиш ҳамда узлуксиз касбий ўстиришнинг лицензиялашга асосланган шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмини жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли ёш педагогларни жалб қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг турли инновацион, амалий ва фундаментал тадқиқотлар лойиҳалари танловларида қатнашишлари ва хорижий илмий-тадқиқот муассасаларида малака ошириши, докторантура ва стажировка ўташларини йўлга қўйиш;

хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига малака ошириш таълим муассасаларини халқ таълими тизимининг ривожланишини тадқиқ қилувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид