Жаҳон | 20:10 / 27.10.2019
89562
8 дақиқада ўқилади

Ал-Бағдодий ҳалок бўлгани эълон қилинди. Россия шубҳаланмоқда

ИШИД жангарилари раҳнамоси, ўз шафқатсизлиги билан ажралиб турган ва Яқин Шарқда «халифалик» тузган Абу Бакр ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар томонидан ўтказилган амалиёт натижасида ўлдирилди. Бу ҳақда Дональд Трамп ўзининг расмий мурожаатида маълум қилди.

Трамп сўнгги уч йил давомида америкалик ҳарбийларнинг биринчи рақамли нишони айнан Абу Бакр ал-Бағдодий бўлганини таъкидлаган.

Ҳаво зарбалари Туркия ва Сурия чегарасидан 5 км масофада - Туркия армиясининг курдлар устига юришидан кейин Россия ҳарбий полицияси назорат қилаётган ҳудуд яқинида берилган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса америкаликларнинг амалиёти муваффақиятига шубҳа билан қарамоқда.

«Бу худди кинодек эди»

АҚШ армиясининг махсус топшириқли бўлинмалари жангчилари ал-Бағдодийнинг Сурия шимоли-шарқидаги Бариша қишлоғида жойлашган уйи яқинига туширилган ва ҳарбийлар уй ичига бостириб киришган. Ал-Бағдодийнинг жойи аниқланганда у ердалиги маълум бўлган болаларнинг 11 нафари ташқарига олиб чиқилган, таслим бўлишни истамаган Бағдодий туннел орқали қочишга уринган, аммо бу уриниш муваффақиятсиз чиққан.

«Биз кўплаб туннеллар борлигини билардик, уларнинг фақат биттасидан ташқари барчаси тўсилганди. Итларимиз уни туннелда таъқиб қилишди. Якунда у ўзини ёнидаги уч боласи билан бирга портлатиб юборди», - деган Трамп ва портлаш оқибатида жасадлар таниб бўлмас даражага тушгани, аммо экспертиза хулосаларига кўра террорчининг шахси аниқланганини қўшимча қилган.

Трампнинг сўзларига кўра, террорчи йўқ қилинганидан сўнг 15 дақиқа ичида бу ИШИД раҳбари экани ўз тасдиғини топган. «Тест натижалари бу аниқ ал-Бағдодий эканини кўрсатди», – деди президент.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур операция 2 ҳафта олдин бошланган эди. Аммо ал-Бағдодийни йўқ қилишга биринчи уринишлар муваффақиятсиз кечган: камида уч марта амалиёт бекор қилинган.

«Лекин Сурия ҳудудидан аскарларимизни олиб чиқа бошлаганимизнинг бу амалиётга алоқаси йўқ», – деди Трамп.

Амалиёт вақтида АҚШ томонидан йўқотишлар бўлмаган. Трамп америкалик ҳарбийларнинг битта ити жароҳатланганини айтиб ўтди.

Пентагон раҳбари Марк Эспернинг маълум қилишича, америкаликлар ал-Бағдодийни имкони борича тириклайин ушлашга ҳаракат қилишган. Бунинг имкони бўлмаганда эса нишонни йўқ қилиш буюрилган эди. Шу мақсадда ҳарбийлар аввалига Бағдодийни таслим бўлишга кўндиришга уринишган.

«Биз уни ташқарига чақиришга уриндик, ўзи таслим бўлишини сўрадик. У рад қилди. У ерости йўлакларига тушиб кетди ва уни у ердан олиб чиқишга уриниш вақтида ўзини портлатди», – деди Эспер CNN мухбири билан суҳбатда.

АҚШ Мудофаа вазирига кўра, амалиёт вақтида америкаликлар томонидан икки аскар енгил жароҳат олган, ҳозирда улар аллақачон ўз вазифасини ўташга қайтган.

Трамп баёнотдан сўнг журналистлар саволларига жавоб берар экан, 26 октябрь оқшомидаги операцияни Оқ уйнинг ситуацион хонасида «худди кино кўргандек» томоша қилиб турганини маълум қилди.

АҚШ етакчисининг айтишича, унинг ёнида вице-президент Майк Пенс, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари Марк Милли ва бошқалар бўлган. Оқ уй мулозими Дан Скавино твиттерда айни жараён вақтида олинган суратни эълон қилди.

Чапдан ўнгга: вице-президент Майк Пенс, миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Роберт О'Брайен, Дональд Трамп, мудофаа вазири Марк Эспер, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари – армия генерали Марк Милли, Бирлашган қўмитанинг махсус операциялар бўйича директори ўринбосари Маркус Эванс.

«Мен амалиётнинг кечишини штабдан туриб кузатдим, бу худди кино томоша қилишдек эди», - деган Трамп.

У Россия ва Туркияга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган, Россия америкаликлар авиацияси учун йўлак очиб берганини қўшимча қилган.

«Туркия муаммо ҳосил қилмади. Улар бизникиларга ўт очиб қолишлари ҳам мумкин эди, аммо бундай бўлмади», - дея жавоб берган АҚШ президенти Туркиянинг бу амалиётдаги роли ҳақидаги саволга жавобан.

«Мен амалиёт арафасида руслар билан гаплашиб, бизникилар йўлга чиқишгани ҳақида айтдим», - деган Трамп. - Улар шундай дейишди: «Огоҳлантирув учун раҳмат».

Россия муваффақиятга ишонмаяпти

Россия Мудофаа вазирлиги Трампнинг мурожаатидаги сўзларга муносабат билдириб, америкаликлар авиацияси ҳаракатидан хабардор эмаслигини маълум қилди.

«Гўёки бу «амалиёт»да тўғридан-тўғри иштирок этганлар сони кўплиги, ҳар бирининг баёноти бир-бирига зид бўлиши бу амалиёт ўтказилганига, айниқса муваффақиятли якунланганига шубҳа ва саволлар туғдиради», - деган Россия ҳарбий муассасаси вакили Игорь Конашенков.

Конашенковнинг сўзларига кўра, шанба куни Идлиб ҳудудида ҳаво зарбалари берилгани сезилмаган, вазирликдагилар америкаликлар авиацияси ҳаракатлари ҳақида бохабар бўлмаган.

Трампнинг сўзларига кўра, жангчилар ИШИД раҳбарининг уйида икки соат давомида бўлишган ва муҳим ҳужжатларни олишган. Шундан кейин уй кейинчалик ИШИД тарафдорларининг зиёратгоҳига айланмаслиги учун «ер билан битта қилинган».

Абу Бакр ал-Бағдодий ким эди?

Уни ИШИД раҳбари ва жаҳоннинг биринчи рақамли жиноятчиси деб аташади, у кўп йиллардан бери таъқибда. 2011 йилнинг октябрида АҚШ уни расман «террорчи» деб атаган ва у қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 10 млн доллар миқдорида мукофот эълон қилган.

Унинг ҳақиқий исми Иброҳим Авад ал-Бадри ҳисобланади. У 1971 йилда Бағдоддан 125 км шимолда жойлашган Самарра шаҳрида туғилган.

Айрим манбаларга кўра, у 2003 йилда коалиция кучлари Ироққа бостириб кирган вақтда Самаррадаги масжид имоми бўлган. Айрим экспертларнинг тахмин қилишича, у Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн бошқаруви вақтидаёқ экстремистга айланган эди.

Аммо у Ироқ жанубидаги Кэмп-Букка лагерида (бу ерда «Ал Қоида»нинг кўплаб қўмондонлари сақланган) ўтган 4 йил давомида радикаллашгани айтилади.

У ҳақда 2010 йилда гапира бошлашди, ўшанда кейинроқ ИШИДга айланган «Ироқдаги Ал-Қоида» гуруҳи шаклланганди. 

Узоқ вақт давомида Бағдодий Сурия ва Ироқ чегарасидаги ҳудудда яшириниб келиши ҳақида гаплар юрарди. 16 сентябрь куни ИШИД 30 дақиқалик аудиохабар тарқатди, унда Бағдодийники экани айтилган овоз томонидан ИШИД тарафдорлари ҳарбий амалиётлар ўтказишга чақирилади.

2017 йил июнида Россия Мудофаа вазирлиги ҳам ал-Бағдодий Суриянинг Раққа шаҳри яқинидаги авиазарба оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилганди. Авиазарба ИШИД етакчилари йиғилган бинога берилганди. Аммо ўшанда АҚШ бошчилигидаги Халқаро аксилтеррор коалиция бу хабарни тасдиқламаганди.

Икки номзод ИШИДнинг янги раҳбари бўлишга тайёрланмоқда

Ал-Бағдодий ўлими ҳақидаги дастлабки хабарлар тарқалганидан сўнг ИШИДнинг бошқа етакчилари нима қилишини билмай қолишган.

«ИШИД етакчиси ўлдирилгач, улар ушбу воқеада бир-бирларини айблашни бошлади ва гуруҳ аъзолари орасида тарқоқлик ҳукмронлик қилмоқда», — дейди Ироқ разведкаси вакили. 

Манба сўзларига кўра, Ал-Бағдодий билан бирга унинг хавфсизлик хизматини бошқарган Газвон Ар-Раурий ҳамда ироқлик бир нечта террорчи ҳам ўлдирилган.

Ал-Бағдодийнинг ўрнини унинг икки ёрдамчисидан бири эгаллаши мумкин. Al Mayadeen телеканали ИШИД террорчилари Абу Абдул Раҳмон ал-Жезравий ҳамда Абу Усмон ал-Фарансий ташкилот раҳбарлигига даъвогарлигини хабар қилди.

Мавзуга оид