«У ит каби ўлим топди» — Трамп ал-Бағдодий йўқ қилинганини тасдиқлади
ИШИД жангарилари раҳнамоси, ўз шафқатсизлиги билан ажралиб турган ва Яқин Шарқда «халифалик» тузган Абу Бакр ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар томонидан ўтказилган амалиёт натижасида ўлдирилди. Бу ҳақда Дональд Трамп ўзининг расмий мурожаатида маълум қилди.

Дональд Трамп ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий Сурия ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт натижасида йўқ қилингани ҳақида маълум қилди.
«Ўтган кеча АҚШ жаҳоннинг биринчи рақамли террористига нисбатан адолатни қарор топтирди. Абу Бакр ал-Бағдодий ўлди. У дунёдаги энг шафқатсиз ва зўравон террорчилик ташкилоти – ИШИДнинг асосчиси ва етакчиси эди», деди Трамп махсус мурожаатида. Трампнинг Оқ уйдаги нутқи жаҳоннинг кўплаб агентликлари томонидан трансляция қилинди.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, экспертиза натижалари авиазарба оқибатида ўлдирилганлар орасида ал-Бағдодий ҳам бўлганини тасдиқлаган.
У ўзини портлатган
Президент ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар учун биринчи рақамли нишон бўлгани, у яшаётган жой аниқлангач, ўша уйда бўлган 11 бола у ердан чиқарилганини маълум қилган.
Трамп у қандай ўлганига аниқлик киритди. Унинг айтишича, ал-Бағдодий авиазарбалардан кейин «қўрқоқларча қочган», аммо ҳудудни туннел орқали тарк этиш учун ҳаракати муваффақиятсиз кечгач, ўз белидаги портловчи қурилмаларни портлатиб юборган. Унинг ёнида бўлган уч бола ҳам у билан бирга ҳалок бўлган.
«У охири ўлимга олиб борувчи туннель ичига додлаб бақирганича югуриб кираётганида ўлди. Бунгача воқеа жойидагилар ё таслим бўлган, ё отиб ташланган эди. Уйдан 11 нафар бола олиб чиқилди, улар жароҳатланмаган.
Туннелда фақат уч боласи билан Бағдодий қолганди. Бизнинг итларимиз уни таъқиб қилиб борганида у туннель охирига етиб қолганди. Устидаги портловчи жилетини портлатиб, ўзи ва уч боласини ўлдирди. Портлаш натижасида унинг танаси бўлакларга бўлиниб кетди.
У худди ит каби ўлди. Қўрқоқларча ўлим топди. Дунё янада хавфсизроқ», — деди Трамп баёноти сўнгида.
Трамп мазкур амалиётда иштирок этганларнинг барчасига, биринчи навбатда америкалик ҳарбийларга, шунингдек, Туркия, Ироқ, Сурия, Россия ва курдларга миннатдорчилик билдирган.
Трамп ўз мурожаатидан кейин журналистлар саволларига жавоб қайтариши асносида Сурия шимолидаги ҳаво ҳудудини назорат қилаётган Россия америкаликлар авиациясига Идлиб вилояти осмонида ҳаракатланиши учун йўлак очиб берганини маълум қилган.
«Ҳудудга учиб кириш ва ундан учиб чиқиш жуда-жуда хавфли эди. Биз жуда жиддий ҳужумга учрашимиз мумкин эди. Россия биз учиб ўтишимиз учун ўз назоратидаги айрим ҳудудларни очиб бериб, жуда ажойиб йўл тутди.
Ироқ томони ҳам жуда яхши ёрдам берди. Улар биз нима қилаётганимиз, қаерга кетаётганимизни аниқ билишмасди. Аммо Россия ва бошқа баъзи давлатлар ҳам ИШИДдан нафратланади», деди Трамп.
У амалиётда иштирок этган америкалик ҳарбийларнинг ҳеч бири шикастланмаганини қайд этган.
Ҳаво зарбалари Туркия ва Сурия чегарасидан 5 км масофада - Туркия армиясининг курдлар устига юришидан кейин Россия ҳарбий полицияси назорат қилаётган ҳудуд яқинида берилган.
Биринчи марта эмас
Абу Бакр ал-Бағдодийни 2014 йил 5 июлидан буён, Ироқнинг Мўсул шаҳридаги масжидда Сурия ва Ироқ ҳудудида «халифалик» тузилганини эълон қилганидан буён ҳеч ким кўрмаганди.
Ўтган вақт давомида кўп марта у ҳалок бўлгани, асир олингани ёки оғир жароҳатлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.
2015 йилда унинг жароҳати ҳақидаги маълумотлар тасдиқланди.
2017 йил июнида Россия Мудофаа вазирлиги ҳам ал-Бағдодий Суриянинг Раққа шаҳри яқинидаги авиазарба оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилганди. Авиазарба ИШИД етакчилари йиғилган бинога берилганди.
2019 йил апрелида ИШИДнинг ташвиқот канали ал-Бағдодийга ўхшаш шахс иштирокидаги видеороликни тарқатганди, 2019 йил сентябрида эса гуруҳ етакчисига тегишли бўлган аудиоёзув тарқатилди.
Уни бу сафар чиндан ўлдиришдими?

OMAR HAJ KADOUR/GETTY
27 октябрга ўтар кечасиёқ америкалик ҳарбийларнинг ал-Бағдодий ўлими билан якунланган амалиёти ҳақида хабарлар тарқала бошлаганди.
Рейтер агентлиги Ироқ ва Сурия ҳукуматларидаги манбаларига таяниб ал-Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади. Манбалар маълумотига кўра, Бағдодий Суриянинг Идлиб вилояти ҳудудида ўлдирилган. Newsweek нашри ёзишича, амалиёт АҚШнинг махсус ҳарбий топшириқли ҳарбийлари томонидан амалга оширилган.

Сурия демократик кучлари раҳбари генерал Мазлум Абди америкаликларнинг курд разведкачилари ёрдамида эришган муваффақияти ҳақида ёзди.
«Америка Қўшма Штатлари билан разведка маълумотлари алмашинуви воситасида бошланган тарихий амалиёт муваффақиятли якунланди», - деганди у твиттердаги саҳифасида.
Генерал Мазлум авиазарбаларга беш ой давомида тайёргарлик кўрилганини қўшимча қилган.
«Бизнинг қудратли, самарали ҳаракатларимиз яна бир бор кучимиз ва ИШИДга қарши курашдаги қатъиятимизни тасдиқлади», дея ёзган Сурия демократик кучлари матбуот хизмати раҳбари Мустафа Бали.
Британиядаги Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг маркази амалиётлар вертолётлар орқали ўтказилгани, унинг натижасида 9 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Мониторинг маркази маълумотига кўра, зарбадан мақсад Туркия чегаралари яқинида жойлашган Бариша қишлоғидаги автомобиль ва уй бўлган.
Туркия Мудофаа вазирлигининг твиттердаги расмий саҳифасида якшанбага ўтар кечаси америкаликлар Идлибда Анқара билан мувофиқлаштирган ҳолда амалиёт ўтказганини тасдиқлаган.
Тавсия этамиз
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
“Савиясиз миллат ўзини ўзи йўқ қилади” – Қозоқбой Йўлдошев
Жамият | 15:21 / 01.06.2025
Иш стажи етарли бўлмаса ҳам пенсия тайинланадими?
Ўзбекистон | 10:03 / 31.05.2025
Энг кўп туғилиш қайд этилган ҳудуд маълум қилинди
Ўзбекистон | 11:34 / 30.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
“Asialuxe Travel” Қурбон ҳайити шарафига акция эълон қилди – 50% гача чегирма
Жамият | 17:00 / 02.06.2025
-
Германияда 33 ёшли шахс Суриядаги жиноятлар учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Жаҳон | 11:45
-
Пентагон раҳбари Украина бўйича алоқа гуруҳи учрашувида қатнашмайди
Жаҳон | 11:15
-
Қурбон ҳайити муносабати билан ички саёҳатларга чегирмалар эълон қилинди
Ўзбекистон | 11:00
Мавзуга оид

11:24 / 02.06.2025
Туркия ва Покистон разведка хизматлари ИШИД етакчиларидан бирини қўлга олди

20:56 / 30.05.2025
Сурияда ИШИД фаоллашгани маълум бўлди

21:21 / 14.03.2025
Ироқда ИШИДнинг «энг хавфли жангариси» ўлдирилди

18:34 / 11.02.2025