Ўзбекистон | 21:33 / 29.10.2019
4248
4 дақиқада ўқилади

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди — Статистика қўмитаси

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишлари 2022 йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Агзам Икрамовнинг маълум қилишича, айни пайтда концепцияга мувофиқ мазкур жараёнга белгиланган режа асосида тайёргарлик кўрилмоқда.

«Ўзбекистон ҳудудида сўнгги марта аҳолини рўйхатга олиш бундан 30 йил аввал, 1989 йилда ўтказилган. Мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилмаган. 2019 йил 5 февралда Президент фармони қабул қилиниб, фармон билан Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси ва комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Айни пайтда концепцияга мувофиқ мазкур жараёнга белгиланган режа асосида тайёргарлик кўрилмоқда. Бундан ташқари, ишларни тизимли олиб бориш мақсадида қўмитамиз таркибида аҳолини ҳисобга олиш бўйича бўлинма ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган», дея Агзам Икрамовнинг сўзларини келтирмоқда мухбири.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Унинг қўшимча қилишича, қўмита томонидан «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилган. Жамоатчилик билдирилган таклиф ва фикрлар асосида лойиҳа қайта ишланиб, ҳукуматга тақдим этилган. Аҳолини рўйхатга олиш жараёни билан боғлиқ барча масалалар ўз аксини топган мазкур ҳужжат айни пайтда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Тадбирда таъкидланишича, БМТ тавсиясига кўра аҳолини рўйхатга олиш ҳар 10 йилда бир марта ўтказилиши керак. Айрим давлатларда, масалан, Канада ва Жанубий Кореяда аҳоли ҳар беш йилда рўйхатга олинади. 

Аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон аҳолисининг сони, ёши, жинси, диний ва этник таркиби, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлиги, иқтисодий фаоллиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги хусусида батафсил маълумот олишга ёрдам беради. Шунингдек, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тақсимланишини ҳисоблашда ишлатилади, миграция ҳолатини, меҳнат ресурслари тақсимотини аниқ кўрсатиб беради. Бу мамлакатдаги барча шахсларга тааллуқли демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотни тўплаш, бирлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш имконини беради.

Матбуот анжуманида мутасаддилар рўйхатга олиш ишларига кимлар жалб этилиши, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтишди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Аҳолини рўйхатга олиш ишларига 150 минг киши жалб этилиши режалаштирилган. Бунинг учун ҳеч ким мажбурланмайди, ишга жалб этилувчилар билан маълум ҳақ эвазига шартнома тузилади. Буларнинг барчаси «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган. Ҳужжатда, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари иштироки, уларнинг вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлиги кўрсатиб ўтилган. Шунга кўра бу жараёнда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди», дейди Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Қобилжон Бердиқулов.

Унинг айтишича, аҳолининг сони бўйича айни пайтда эълон қилинаётган статистик маълумотлар 1989 йили ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига туғилишлар сонини қўшиш ёки ўлим кўрсаткичини айириб ташлаш орқали аниқланмоқда.

Тадбирда 2021 йилда синов тариқасида республиканинг айрим ҳудудларида аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилиши маълум қилинди. Бу 2022 йил ноябрдаги жараёнга тайёргарлик вазифасини ўташи кутилмоқда.

Мавзуга оид