Юридик шахсларнинг электрон реестрини юритувчи Orginfo.uz сайти асосчисига нисбатан ички ишлар органи томонидан маъмурий иш очилди.
Иш очилишига Давлат статистика қўмитаси киритган ариза сабаб бўлган.
Сайтни дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқулов 2021 йил январь ойи бошида очган. Унинг Kun.uz'га айтишича, бу платформа Статистика қўмитаси расмий сайтига жойланган корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги очиқ маълумотлар асосида яратилган.
“Статистика қўмитаси сайтида STIR рақами ёрдамида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган корхона ва ташкилотлар ҳақида маълумотлар олиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси – очиқ маълумотлар. Мен шу маълумотларнинг (STIR рақамларини) барчасини кўчириб олиб, уларни корхона раҳбари исм-шарифи, юридик шахс номи, таъсисчилари бўйича ҳам қидириш имконини берувчи қулай сайт яратдим.
Буни қилишдан мен ҳеч қандай моддий манфаат кўзламаганман ёки бирор ёмон мақсадим ҳам йўқ. Эътибор қилсангиз, сайт аноним очилган эмас, балки .uz доменига жойлаштирилган. Агар ёмон ниятим бўлганида, ўз шахсимни яшириш учун уни .org ёки .info каби хорижий серверларга ҳам жойлашим мумкин эди. Шунингдек, платформада реклама ҳам йўқ.

Мен сайтни ишга туширган вақтимда IT соҳасида магистратурада таълим олардим. Бу сайтни яратишимдан мақсад – кейинчалик йирик компаниялар, иш берувчиларга кўрсатишим учун портфолиода ўзим яратган турли дастурий маҳсулотларни жамлаб бораман.
Қўмита сайтида эса корхоналар ҳақида маълумот қидириш унчалик қулай эмас – бунинг учун сиз ўша корхонанинг СТИР рақамини билишингиз керак”, – дейди Бобурмирзо Ҳамроқулов.
Дастурчининг айтишича, август ойида Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази уни чақириб, Давлат статистика қўмитаси унинг устидан арз қилганини маълум қилган.
Қўмита даъвосига кўра, orginfo.uz сайтида Давлат статистика қўмитаси манба сифатида кўрсатилиб, келтирилган маълумотлар баъзида расмий манбага мувофиқ келмай қолган. Чунки Ўзбекистондаги юридик шахслар ва корхоналарга доир маълумотлар тинимсиз ўзгариб туради.
Шундан сўнг дастурчи ўзи яратган сайтдаги маълумотлар ҳар 10 кунда Статқўм маълумотларига асосан янгиланиб туришини таъминлаган ҳамда stat.uz'даги расмий базадан бир неча кун кечроқ юриши ҳақида огоҳлантириш ёзиб қўйган.








