10:47 / 30.10.2019
1
11926

ЯИМ ўсиши 8 фоиз деб кўрсатилган йилларда ҳақиқий кўрсаткич қандай бўлган?

Қайта ҳисоблашда аввалги йиллардаги ЯИМ ўсишининг 8 фоизлик кўрсаткичи аслида 7 фоиз атрофида бўлгани маълум бўлган.

Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ялпи ички маҳсулот 7,5–8 фоиз деб кўрсатилган йиллардаги статистик кўрсаткичлар қандай олингани ҳақидаги саволга жавоб берилди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Охирги икки йилда ялпи ички маҳсулот ўсишини ҳисоблаш тизимини қайта кўриб чиқиб, тегишли ўзгартиришлар киритдик. Ҳозирги кунда «Миллий ҳисоблар тизими–2008» усули бўйича ялпи ички маҳсулот ҳисоб-китобларимизни амалга оширяпмиз. Ҳали бу тўлиқ якунига етмаган, тизимни янада такомиллаштириш ҳаракатидамиз», – дея Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Аъзам Икромовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат статистика қўмитаси Макроиқтисодий индикаторлар ва миллий ҳисоблар бошқармаси бошлиғи Азиз Мамировнинг қўшимча қилишича, қўмита томонидан 2010 йилдан бошлаб то ҳозиргача бўлган статистик маълумотлар қайта ҳисоблаб чиқилган. Бу Миллий ҳисоблар тизими ва Давлат молияси статистикаси маълумотлари ўртасида ўзаро мувофиқликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Статистика талабларига кўра маълумотлар аввалги йиллардагиси билан таққослама бўлиши керак. Битта йилни қайта ҳисоблаб, иккинчи йилни қайта ҳисобламасак, хатоликлар ЯИМ дефиляторига ёки ўсиш суръатларига таъсир қилиши мумкин эди. Аввалги йиллардаги ЯИМ кўрсаткичларини ҳисоблашда услубий ёндашувларни қайта кўриб чиқдик. Қайта ҳисоблашда энг катта ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги соҳасида кузатилди. Илгари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ҳисоблашда бозор нархларига нисбатан анча паст бўлган нархлардан фойдаланилган. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барча турлари бўйича ўртача йиллик нархлар қайта кўриб чиқилиб, бозор нархларига ўтказилди. ЯИМ қамровини кенгайтириш ва маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида маҳсулотлар нарх-навосига аниқлик киритилди. Айни пайтда бизда охирги 9 йил учун қайта ҳисобланган статистик маълумотлар мавжуд. Қайта ҳисоблашда аввалги йиллардаги ЯИМ ўсишининг 8 фоизлик кўрсаткичи 7 фоизларга тушган», дейди Азиз Мамиров.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, ялпи ички маҳсулот ўсишини қайта ҳисоблаш жараёнида Халқаро валюта жамғармаси экспертларининг 2019 йил 4-15 март кунларида ўтказилган миллий ҳисоблар статистикаси бўйича техник кўмак миссияси доирасида услубий ёрдамлари кўрсатилган. Қайта ҳисоблаш натижалари бўйича солиштирма жадвал билан мана бу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Яқинда Сенат раиси Танзила Норбоева «Илгари фақат қоғозларда акс этган қуруқ рақамлардан фарқли ўлароқ ЯИМ ҳажмининг ўсиши амалда 5,8 фоизга етгани»ни айтганди. Президент Шавкат Мирзиёев чиқишларидан бирида собиқ молия вазири Ўзбекистонда ЯИМ кўрсаткичларини 8 фоиз деб кўрсатиб ёлғон маълумот берганини танқид қилганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top