Давлат статистика қўмитасининг алоқа хати бўйича orginfo.uz сайти асосчи Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан Асака туман ИИБ томонидан олиб борилган терговга қадар текширув унинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмагани сабабли тугатилди. Бу ҳақда Андижон вилояти Асака тумани ИИБ томонидан фуқарога йўлланган хатда айтилади.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг алоқа хатида сиз томонингиздан «orginfo.uz» номли сайт яратилиб, «stat.uz» сайти томонидан чиқарилган маълумотларни ўз сайтингизга жойлаб келганлигингиз маълум қилинган. Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида сизнинг ҳаракатларингизда жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд бўлмаганлиги сабабли, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини маълум қиламиз», - дейилади дастурчи Kun.uz’га тақдим қилган расмий хатда.

Бобурмирзо Ҳамроқулов. Фото: github.com/bzimor.

Бобурмирзо Ҳамроқулов orginfo.uz сайти ўз фаолиятини давом эттиришини айтиб, бундан ҳеч қандай моддий ёки бошқа турдаги манфаат кутмаслигини яна бир бор таъкидлади. У қўллаб-қувватлагани учун ОАВ ва блогерларга, кенг жамоатчиликка ўз миннатдорчилигини билдирди.

«Kun.uz жамоасининг суриштируви туфайли статистика қўмитаси вакиллари билан бу масалада боғланиб, тушунмовчиликни бартараф қилишга имкон туғилди. Қолаверса, жамоатчиликнинг ҳам бунга эътибор қаратгани яхшиликка хизмат қилди деб ўйлайман.

Муҳими кўпчиликда оддий бир иш орқали ҳам жамиятга фойдали бўлиш мумкинлиги ҳақида фикр пайдо бўлди. Балки кимларнингдир IT’га қизиқиши янада ортгандир», дейди у.

Эслатиб ўтамиз, бир неча ҳафта аввал юридик шахсларнинг электрон реестрини юритувчи orginfo.uz сайти асосчиси Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан Давлат статистика қўмитаси киритган аризага асосан ички ишлар органи томонидан маъмурий иш очилгани хабар берилган эди.

Статистика қўмитаси вакили дастурчи ўзининг orginfo.uz веб-сайти ва қўмита ўртасида ҳеч қандай шартнома ёки келишув тузмаганини, бунинг натижасида жамиятда фуқаролар ҳамда хорижий инвесторлар томонидан расмий статистик маълумотларга нисбатан турли хил тушунмовчилик келиб чиқаётганини айтган.