2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон корхоналари томонидан 200,1 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоизга ўсиш кузатилди.

Қайси маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ўсиш кузатилди?

Давлат статистика қўмитасига кўра, жами саноат ишлаб чиқариш физик ҳажми ортишининг асосий омили:

  • тоғ-кон саноати ва очиқ конларда ишлаш 7,5 фоиз;
  • ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатнинг 8,6 фоизга;
  • электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялашнинг 12,1 фоизга;
  • сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш 3,5 фоизга ўсиши бўлиб хизмат қилди.

Ўтган 6 ой давомида машина ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва ўрнатиш, автотранспорт воситалари, яримприцеплар ва бошқа тайёр буюмларни ишлаб чиқариш улуши жами саноат ишлаб чиқаришининг 17,6 фоизини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 0,7 фоизга ўсди.

Металлургия саноатининг улуши 27,2 фоиз бўлиб, ўтган йил мос даврига қараганда 13 фоизга, тўқимачилик, кийим, тери маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг улуши 18 фоиз бўлиб, 2020 йилга қараганда 20,9 фоизга ўсди.

Шунингдек, озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг улуши 16,3 фоиз бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 фоизга юқорилади. Кимё  маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмларини ишлаб чиқаришнинг улуши 9,4 бўлиб, 2020 йилнинг шу даврига кўра 6,4 фоизга ўсди.

Қайси ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳажми юқори бўлди?

Республика саноат ишлаб чиқариши ҳажми таркибида энг кўп улуш Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келди. Энг паст улуш эса Сурхондарё ҳамда Жиззах вилоятларида қайд этилди.

Навоий вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш аҳоли жон бошига 34 млн 493 минг сўмдан тўғри келиб, республикадаги энг баланд кўрсаткич бўлди. Ушбу ҳажм Тошкент вилоятида киши бошига 12 млн 278 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида 13 млн 488 минг сўмдан тўғри келди. Манбада мазкур ҳудудларда йирик саноат корхоналари жойлашгани сабабли кўрсаткичлар юқори экани келтирилган.