Ўзбекистон | 12:51 / 31.10.2019
8572
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим вазирлиги фаолиятида аниқланган камчиликлар айтилди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2019 йил 30 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Сенат ахборот хизматига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг жорий йил ўтган давридаги фаолияти таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, 2019 йилда ушбу вазирлик зиммасига 30 та мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, уларнинг 15 таси жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида бажарилиши белгиланган. Вазирлик маълумотлари таҳлили аксарият вазифалар ижро этилганлигини, бироқ 2 та вазифа бажарилиши якунига етмаганлигини кўрсатди.

Хусусан, II-III чоракларда фан бўйича 1500 та электрон ўқув-услубий мажмуа ишлаб чиқиш топширилган бўлса-да, бу вазифа атиги 13 фоизга бажарилган. Жорий йилнинг II чорагида олий ўқув юртларида илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлимлари фаолияти самарадорлигини ошириш белгиланган эди. Уни бажариш учун республикадаги барча моддий-техник, илмий-интеллектуал ва молиявий ресурсларни сафарбар этган ҳолда мавжуд илмий-инновацион салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратиш кўламини кенгайтириш, юқори инновацион фаолликни таъминлайдиган аниқ механизм ва молиялаштириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Илм-фан ва илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бироқ ушбу ҳужжат шу кунга қадар қабул қилинмаганлиги туфайли олий ўқув юртларида илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлимларининг фаолияти самарадорлигини ошириш вазифаси бажарилиши якунига етмаган.

Мажлисда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мавзуга оид