Иқтисодиёт | 13:49 / 05.11.2019
13093
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда электрон пуллар муомаласи тартибга солинди

 Республика ичидаги тўловлар архитектурасига электрон пуллар жорий этилмоқда. 

Foto: Svoyo TV

Республика ичидаги тўловлар архитектурасига электрон пуллар жорий этилмоқда. 

Norma’нинг ёзишича, бу электрон пуллар эмитентининг электрон тизимда электрон шаклда сақланадиган ва тўлов воситаси сифатида қабул қилинадиган сўзсиз ва чақириб олинмайдиган пул мажбуриятларидир.
 
Электрон пуллар фақат миллий валюта - сўмда номиналлаштирилган бўлиши керак. Марказий банк ва банклар (эмитентлар) уларни уларнинг номинал қийматига тенг бўлган пул маблағлари суммасига алмаштиришга чиқаради.  Жисмоний ва юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва электрон пуллар тизими агентлари электрон пулларнинг эгалари бўлиши мумкин. Жисмоний шахслар электрон пулларни тўғридан-тўғри эмитентдан ёки электрон пуллар тизимининг оператори ёхуд агенти орқали оладилар.
 
Тегишли лицензияга эга бўлган ва электрон пуллар тизимининг ишлашини таъминлайдиган банк ёки бошқа ташкилот электрон пуллар тизимининг оператори бўлиши мумкин. Оператор электрон пуллар эмитенти билан тузилган шартномага мувофиқ тизимнинг фаолият кўрсатиш қоидаларини белгилайди. Эмитент ва оператор электрон пулларга рухсатсиз эга бўлиш ва (ёки) улардан рухсатсиз фойдаланганлик, шунингдек эмитентнинг дастурий таъминоти ишидаги ёхуд тизимнинг фаолият кўрсатишидаги хатолар ёки узилишлар оқибатида электрон пуллар эгасига етказилган зарар учун унинг эгаси олдида жавобгар бўлади.
 
Эмитент электрон пуллар эгасидан электрон пулларни чиқарганлик ва кўрсатиладиган қўшимча хизматлар учун улар ўртасида тузилган шартнома доирасида воситачилик ҳақи ундиришга ҳақли. Шартнома тузилгунига қадар электрон пулларнинг потенциал эгасига улардан фойдаланиш шартлари, воситачилик ҳақи миқдори ва уни ундириш тартиби, эмитент ва оператор маълумотлари (номи, жойлашган ери, оператор банк ҳисобланмаган ҳолларда - лицензия рақами) ва эътирозларни бериш усуллари тўғрисида ахборот тақдим этишлари шарт.
 
Ўзбекистонда реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўловларни тўлашда фақат шу ерда чиқарилган электрон пуллар қабул қилиниши мумкин. Тизим эмитенти ва (ёки) оператори электрон пуллар эгасини: шахсан ҳозирлигида ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда ёхуд масофавий идентификация қилиш тизимларидан фойдаланган ҳолда идентификация қилишни амалга оширади. Идентификация қилинмаган жисмоний шахслар битта электрон қурилмада энг кўпи билан 5 БҲМни (эълон қилиш санасида – 1 115,0 минг сўм) сақлашлари ва 1 БҲМ (223,0 минг сўм) суммаси миқдорида операцияни амалга оширишлари мумкин. Идентификация қилинган жисмоний шахсларга электрон пуллар билан амалга ошириладиган операцияларга 100 БҲМ (22 300,0 минг сўм) миқдорида лимит белгиланган.
 
Электрон пулларнинг эгаси уларни эмитентга номинал қиймати бўйича қайтаришда илгари чиқарилган пулларни қайта алмаштириш қоплаш дейилади. Бунда қопланаётган электрон пулларга тенг “оддий” пулларнинг суммаси (агар шартномада эмитент ёки операторнинг воситачилик ҳақи назарда тутилмаган бўлса):

• агар шартномада бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, электрон пуллар келиб тушган кун давомида якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс банк ҳисобварағига ўтказилади;
• жисмоний шахс банк ҳисобварағига ўтказилади ёки унга нақд пул берилади.
 
Янги қонун крипто-активларга доир операцияларга (қиймати ва эгасига эга блокчейндаги ёзувлар жами) нисбатан татбиқ этилмайди. Мазкур масала бўйича алоҳида норматив база шакллантирилмоқда, ҳозирча у Президентнинг иккита қарорини (3.07.2018 йилдаги ПҚ-3832-сон; 2.09.2018 йилдаги ПҚ-3926-сон қарорларга қаранг) ва Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни ўз ичига олган.
 
Яна бир нозик жиҳати. Ҳужжатда тўлов хизматлари етказиб берувчилари – МБ, банклар, тўлов ташкилотлари, агентлари ва субагентларига нисбатан санкциялар белгиланган:

• тўловларни амалга ошириш муддатлари бузилган тақдирда, у муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун муддати ўтган тўлов суммасининг 0,1%и миқдорида, бироқ муддати ўтган тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши шарт.
• тўлов нотўғри амалга оширилган тақдирда, у хато аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай пул маблағларини олувчининг ҳисобварағига ўтказиши шарт, акс ҳолда, тўловчи маблағларни қайтаришни, шунингдек муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун нотўғри амалга оширилган тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, бироқ тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
 
Тегишли нормалар тижорат банкларининг мижозлар билан ўзаро муносабатларида амал қилмоқда.

Мавзуга оид