Ўзбекистон | 16:25 / 07.11.2019
2923
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида парламентлараро ҳамкорлик комиссияси тузилади

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Сенат делегациясининг Қозоғистонга расмий ташрифи чоғида яна бир ташаббус – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ҳамкорлиги бўйича комиссия тузиш таклифи илгари сурилди. 

Сенат ахборот хизматига кўра, бу ғоядан Қозоғистон томони ҳам мамнун бўлган. 

Янги тузилманинг асосий вазифаси икки давлат ўртасидаги муносабатларни тизимлаштириш, шунингдек турли даражаларда эришилган шартномаларнинг бажарилишига кўмаклашиш ва бу жараён устидан парламент назоратини таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, Ҳамкорлик комиссияси миллий парламентлар томонидан икки давлат манфаатларига жавоб берадиган қонунларнинг қабул қилинишини таъминлайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотнинг фаоллашувига кўмаклашиш ҳам Комиссиянинг вазифаси ҳисобланади. Бу йўналишда кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлаш бўйича ҳам иш олиб борилади.

Янги тузилма Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги амалий мазмун билан бойитилган алоқалар ривожининг янги босқичида қўйилаётган муҳим вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади, дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид