Ўзбекистон | 23:13 / 07.11.2019
53919
7 дақиқада ўқилади

Қачонгача? Водий вилоятларида қиш бошланмай электр таъминоти издан чиқди

Дунёнинг бошқа бурчакларида инсонлар фазога учиш ҳақида ўйлаб, роботлардан фойдаланаётган бир пайтда, Фарғона водийсида уйни ёритиш ва кийимни дазмоллашга қийналиб яшашмоқда.

Об-ҳаво бироз совуши билан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳар йили кузатиладиган ҳолат бошланди. Яна ўша – электр таъминотидаги муаммолар. Яна чекловлар жорий этилди.

Мурожаатлар турфа...

«Мухбир ака, Тўрақўрғонда 6 ноябрь куни 7 соат ток беришди. Касаллар ва қарияларга қийин бўляпти»...

«Наманган шаҳри Бобуршоҳ кўчасида 5 ноябрь куни кундузи соат 11лардан бошлаб 15гача ток бўлмади, 6 ноябрь куни эса Марғилон кўчасида кундузи тўрт марта ўчиб ёнди. Худди светофорнинг ўзи».

«Чимёнданман. Электр бир кунда 10 маротаба ўчди. Аҳолининг қарздорлиги бўлмаса, нега ўчиришади?»

«Тадбиркорман. Андижоннинг Булоқбоши марказига сутканинг ярмида ток беришмаяпти. Электр тармоқларига телефон қилсак, «Чеклов бошланган», дейишди. Бизнесимиз нима бўлади?»

«Бувайда туманининг Оққўрғон қишлоғида сутканинг етти соати давомида ток йўқ. Қийналиб кетдик...»

Аҳолининг бу каби арзлари – бу йил ўтган йилдан ҳам аҳвол ёмонлашганидан дарак.

Энергетиклар ўтган йиллар давомида электр энергиясидаги узилишларга дадил фикр билдиришар эди. Энг ишонарли баҳоналар – «Аҳолининг электрдан қарзи кўп, нореал қарздорлик ошиб кетган», «Тўрақўрғон ИЭС ишга тушса, яхши бўлиб кетади».

Қарангки, аҳолидан электр ҳақини МИБ қурутдек санаб оляпти. Тўрақўрғон ИЭС ҳам ишга тушган. Бироқ, ноябрь ойининг биринчи ҳафтасидан бошлаб, яна ўша эски муаммога дуч келинди.

Уч вилоятнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари нима дейди? 

Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан боғланиб, мутасаддилардан қуйидаги жавобни олдик:

«Об-ҳавонинг кескин пасайиб кетиши натижасида сўнгги кунларда истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжлари ортиб бормоқда. Жумладан, биргина Фарғона вилояти бўйича ноябрь ойининг илк кунларига нисбатан кейинги икки кун давомида кунлик электр энергияси истеъмоли ҳажми ўртача 1,9 млн кВт/с га, ёки 70-80 мВт қувватга ўсиши кузатилди. Бу ҳолат энерготизимда  қувват танқислигига олиб келди.

Энерготизимнинг барқарор, ишончли режимда ишлашини таъминлаш мақсадида  «Миллий электр тармоқлари» АЖ диспетчерлари томонидан берилган топшириқларга  асосан электр таъминотида чекловлар жорий этилди. Лекин корхона тасарруфидаги электр тармоқларда нуқсонли (аварияли) ўчишлар кузатилмади».

Наманган вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси диспетчерлик хизмати изоҳи:

«Ҳаво ҳароратининг пасайиши энергетикларга муаммо туғдириб, бир қатор қийинчиликларга сабаб бўлмоқда. Совуқ бошланиши билан хонадонларда табиий газ босими кескин пасайиб кетди. Бу хонадонларда табиий газ ўрнига электр энергиясидан овқат тайёрлаш, хоналарни иситиш учун фойдаланиш заруратини туғдиради. Айниқса, кўп қаватли уйларда иситиш тизими йўқлиги (борлари ҳам ишламаслиги), янги замонавий кўп қаватли уйларда иситиш тизими газга боғлиқлиги барчамизга маълум. Хонадонларда табиий газ босими қишки меъёрга ўтказилгунга қадар,  қийинчиликларга дуч келмоқдамиз.

Марказлашган энерготизимга энергия берувчи Иссиқлик станцияларига етарли газ берилмаётгани сабабли тизимда қувват пасайиб кетган. Табиий газда танқислик бўлмаса, электр таъминотида узилишлар содир бўлмаслиги мумкин эди.

Ўтган 2018 йил 6 ноябрида Наманган вилояти электр энергия истеъмоли 11,6 млн кВт/с эди. Сутка давомида 0,6 млн кВт/с чеклов киритилган. Максимал қувват 580 мВт бўлган. 

Бугунги кунда 12,5 млн кВт/с истеъмол кутиляпти. Сутка давомида қарийб 1,5 млн кВт/с чеклов киритилди. Максимал қувват 730 мВт гача кўтарилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун аҳоли ҳали бозордан кўмир сотиб олмаган. Сотиб олганлари ҳам ҳозир кўмир ёқишмайди, чунки олдинда қиш мавсуми турибди. Агарда электр энергиясидан ёритиш, совутгич, телевизор, дазмол, компьютер каби электр жиҳозлари учун фойдаланилса, табиий газ ва иситиш тизими ишласа, электр таъминоти яхшироқ бўлар эди».

Энг кўп мурожаат келиб тушаётган Андижон вилояти бўйича саволларимизга ҳудудий электр тармоқларидан қуйидаги жавобни олдик:

«Андижон вилоятининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 2018 йил ноябрь ойида кунлик истеъмоли 12,2 млн кВт/соатни ташкил этган.

Жорий йилнинг ноябрь ойида амалда сутка давомида 1-1,500 млн кВт/соат чеклов киритилгандан ташқари кунлик истеъмол 14 млн кВт/соатни ташкил қилди.

2019 йил 28 октябрь кунидан об-ҳавонинг кескин совиб кетиши ва истеъмолчилар томонидан электр энергияси истеъмоли кескин ошиб кетиш натижасида энергия тизимда қувват тақчиллиги вужудга келди. Энергия тизимини мўътадил ишлашини таъминлаш учун чекловлар киритилди».

Қачонгача?

Уч вилоят «Ҳудудий электр тармоқлари» МЧЖларидан олинган маълумотлар фақат яна қатор саволларни туғдирди холос.

Марказлашган энерготизимда қувват паст экан. Барчамизга аён, вилоятлардаги  «Ҳудудий электр тармоқлари» энерготизимдан истеъмолчиларга ток олиб тарқатади. Иссиқлик станциялари қанча кўп эҳтиёж учун энергия ишлаб чиқарса, уларда муаммо бўлмайди. Бироқ айни пайтда калтак ҳудудий электр тармоқлари бошида синмоқда.

Ахир соҳа вакиллари куз-қиш мавсумида электрга бўлган эҳтиёж ошишини билишар эди-ку?

Йил бошиданоқ, «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ижросига киришилади. Амалга оширилган ишлар бўйича кўплаб ҳисоботлар берилади. Бироқ куз келиб, биринчи аёз бошланиши билан яна ҳар йилги аянчли ҳолатни кузатамиз.

Газ идоралари «аравани тенг тортмаяптими»?

«Ҳудудий электр тармоқлари» жамиятлари томонидан берилган маълумотларда электрдаги узилишлар, чекловларга аҳоли ва ижтимоий соҳа ташкилотларининг токдан иситиш учун фойдаланаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Бу фикрларда жон бор. Айни пайтда водийнинг шаҳар ва туманларидаги жуда оз ҳудудларгина табиий газ таъминотидан фойдаланади. Қишлоқларга мурожаатлар ўргангани борсак, аҳоли биринчи навбатда табиий газ қачон келишини сўрайди. Кўмир эса  қиммат. Яхши кўмирнинг бир килограмми эркин савдода 800-1000 сўмдан сотилмоқда. Хонадонда бир хонани иситишга битта печкага ёқиш учун бир кунда ўртача 18-20 кг, яъни 18 минг сўмлик кўмир солинади. Бу – бир ойга ўртача 540 минг сўм деганидир.

Жойлардаги газ таъминоти корхоналари совуқ мавсумда энергетиклар билан «аравани тенг торта олмаяпти». Кўмир таъминоти эса ҳаминқадар. Бор куч электр тизими гарданига тушмоқда.

Наҳотки, аҳолининг энг оғриқли муаммоларидан бўлган – иситиш тизимида янгиликларни жорий этиб бўлмаса? Қиш эса, доимгидек, қўққис келиб қолади...

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири.

Мавзуга оид