Ўзбекистон | 10:10 / 08.11.2019
1834
5 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги Ахборот департаментининг асосий вазифалари белгиланади

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги фаолияти янада такомиллаштирилади. Тегишли ҳужжат лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати, Қуролли Кучлар Медиа маркази ва “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти негизида Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти;
 
ҳарбий округ қўмондонликлари ва унга тенглаштирилган бирлашмаларда матбуот хизматлари ташкил этилган.

Белгилаб қўйилишича, Ахборот департаменти Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг бош бошқармаси мақомига тенглаштирилган мустақил таркибий бўлинма ҳисобланади.

Қуйидагилар Ахборот департаментининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, давлат ва нодавлат телевидение каналлари ва эшиттиришлари, ижтимоий тармоқлар, Мудофаа вазирлиги, ҳарбий округ қўмондонликлари ва бирлашмаларнинг расмий веб-сайтлари, “Ватанпарвар” газетаси, “Ўзбекистон армияси” журнали, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, давра суҳбатлари, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, ҳарбий округ қўмондонликлари ва бирлашмаларнинг расмий веб-сайтларида Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ва мудофаа соҳасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жойлаштириш, мудофаа ва ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш;

ижтимоий сўровлар ўтказиш ва бошқа усуллар ёрдамида жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ижобий имижини шакллантириш ва кўтариш;

ўзаро ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар ва блогерлар орқали Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг фаолиятига оид тезкор хабарларни тарқатиш, шунингдек ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамасида аҳолининг кенг қатламлари қатнашишини таъминлаш;

оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ва унинг ўринбосарлари, ҳарбий округ ва бирлашма қўмондонларининг чиқишларини ташкил этиб бориш; 

оммавий ахборот воситалари, давлат ва нодавлат телерадиоканаллари орқали тарқатиш учун хабарлар, маълумотлар ва бошқа шу каби ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш; 

зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан самарали амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш;

Мудофаа вазирлиги фаолиятига алоқадор матнли, фото, аудио ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб бориш;

ахборот макони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги фаолиятига доир ахборотни тарқатиш бўйича ишларни ташкил қилиш.

Белгилаб қўйилишича, Ахборот департаментини бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг матбуот котиби ҳисобланадиган, ахборот сиёсати масалалари бўйича мудофаа вазирининг маслаҳатчиси мақомига эга бўлган бошлиқ бошқаради.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги соҳага оид ахборот тарқатиш борасида қуйидаги энг муҳим йўналишлар бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги фаолиятига оид очиқ маълумотлардан жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаланиши учун тегишли шарт-шароитлар яратиш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг медиа тизими ва веб-ресурслари, нашриёти, телевизион ва студия фаолиятини ривожлантириш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, ҳарбий округ қўмондонликлари ва бирлашмалар матбуот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, улар ходимларининг салоҳияти ва касбий тайёргарлиги даражасини мустаҳкамлаш;

Мудофаа вазирлиги, ҳарбий округ қўмондонликлари ва бирлашмалар матбуот хизматлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш, уларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш;

ҳарбий-ватанпарварлик ва таҳлилий йўналишларда турли юқори даражадаги ва сифатли телекўрсатувларни тайёрлаш учун телестудия ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқув базасида Мудофаа вазирлигининг ахборот хизмати ва ҳарбий журналистика соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича ҳар йили икки босқичли ўқув курслари ташкил этилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид