Жаҳон | 23:22 / 10.11.2019
53842
3 дақиқада ўқилади

БААда кучли ёмғирлар: ҳатто «Dubai Mall»ни ҳам сув босди (видео)

10 ноябрь, якшанба тонгидан бошлаб Бирлашган Араб Амирликларида кучли ёмғирлар, момақалдироқ ва қаттиқ шамол кузатилмоқда.

Натижада Дубай аэропортида самолётлар қўниши вақтида ноаниқликлар юзага келди. Шаҳардаги кўплаб бинолар қатори машҳур савдо маркази – «Dubai Mall»да ҳам сув тошиши кузатилди. Дунёдаги энг йирик универмаглардан бирининг айрим қисмларида сув баландлиги 10 см.га ҳам етди.

«Dubai Mall» қурувчиси Emaar ташкилоти вакили берган изоҳга кўра, савдо марказидаги тошқин маҳаллий характерга эга, шунингдек, универмагдаги аксарият бутиклар, ресторан ва бошқа жамоат жойлари одатдаги режимда ишлашда давом этмоқда.

Gulf News`нинг ёзишича, кучли шамол натижасида Форс кўрфазида тўлқинлар баландлиги 2,7 метргача етган.

Полиция ҳайдовчиларни тезликни оширмаслик, оралиқ масофани сақлаш ва рулда телефон билан видео олмасликка чақирган. Айнан ёмғир сабабли Дубайни қўшни шаҳар Шаржа билан боғлаб турувчи асосий йўл маълум муддатга ёпиб қўйилган. Ҳайдовчилар мегаполисдаги тирбандликларда одатдагидан кўпроқ вақт ушланиб қолишларига тўғри келяпти.

Дубай, 10 ноябрь | twitter.com/Sharanath

Метереологлар ёғингарчилик 3 кун – сешанбага қадар давом этишини айтишмоқда. Соҳа мутахассислари бу каби об-ҳаво шароитини мамлакатда фасллар алмашаётгани билан изоҳлашяпти.

Амирликлар ҳудудининг шимолий қисмларида фуқаро муҳофазасининг сариқ ва қизил даражалари эълон қилинган.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

#تنبيه #المركز_الوطني_للأرصاد

A post shared by المركز الوطني للأرصاد (@officialuaeweather) on

Arab News келтирган видеода пойтахт Абу-Дабидаги бинолардан бирининг тепасига ўрнатилган металл конструкция кучли шамолдан қулаб тушганини кўриш мумкин.

Фото: Sankha Kar / Gulf News

Рас-ал-Хайм амирлиги, 10 ноябрь / Фото: Twitter / Emarat Al Youm
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид