19:25 / 13.11.2019
0
3065

Брюсселда Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси очилди

Содиқ Сафоев / Фото: EUROUZ

12 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Белгия қироллиги пойтахти Брюсселда Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциациясининг (EUROUZ) очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ассоциация матбуот хизматидан маълум қилишларича, тадбирда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси; Shell, British Petroleum, Knorr-Bremse A.G. McDermott, Picanol, TechnipFMC, APCO Worldwide каби қатор Европа компанияларининг раҳбарлари, Ўзбекистон ва алоҳида Европа давлатлари ўртасида тузилган савдо палаталари ва ассоциациялар вакиллари, Европа Иттифоқининг Брюссель шаҳридаги ташкилотлари вакиллари, Европа Инвестицион Банки ва Белгия қироллиги Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари қатнашишган.

«Тадбир давомида Европа бизнес доиралари вакилларига Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва инвестицион муҳитни яхшилашга қаратилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Европа мамлакатлари билан айниқса иқтисодий муносабатларни ривожлантириш устувор йўналиш экани таъкидланди.

Бундан ташқари, замон талабларига жавоб берадиган, янада сифатли ва сермаҳсул диалогни ўрнатишга ёрдам берувчи янги ҳамкорлик механизмларини яратиш муҳимлиги ҳам қайд этилди.

EUROUZ Кузатув кенгаши раиси Клаус Манголд

Шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестицион имкониятлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси доирасидаги янги ҳамкорлик механизмлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Тадбир натижасида томонлар Европа ишбилармон доиралари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида янги платформадан тўла фойдаланишга келишишди», – дейилади EUROUZ хабарида.

Маълумот учун, Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) – Европа ишбилармон доиралари ва Ўзбекистоннинг расмий вакилларига инвестицион ва савдо муносабатларини ривожлантиришда,  келажакдаги ҳамкорлар ва инвесторлар билан янада сермаҳсул муносабат ўрнатишда кўмаклашиш учун ташкил этилган.

Барча даражаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун Европа бизнес доиралари вакилларига Ўзбекистондаги иқтисодий имкониятлар ва лойиҳалар бўйича ўз вақтида, энг актуал ва сифатли маълумотларни етказиб бериш – ассоциация фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлади.

EUROUZ – нодавлат, нотижорат ташкилот бўлиб,  Ўзбекистон ва Европа ишбилармон доиралари муносабатини янги даражага кўтаришни мақсад қилган. Ассоциациянинг бош қароргоҳи Брюссель шаҳрида. Тошкентда эса доимий ваколатхона фаолияти йўлга қўйилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top