Жаҳон | 17:14 / 14.11.2019
9578
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда намойишчилар полицияга камонлардан ўқ узди

Фото: Tyrone Siu / Reuters

Ҳонгконг полицияси намойишчилар полиция ходимларига камонлардан ўқ узишгани ва гул экилган тувакларни улоқтиришгани ҳақида маълум қилди, деб хабар берди Bloomberg. Полициячилар бунга жавобан кўздан ёш оқизувчи газ қўллашган.

Ҳонгконгда тўрт кундан буён намойишлар ва полиция билан тўқнашувлар давом этмоқда. Намойишчилар шаҳар транспорти ҳаракатини тўхтатиб қўйишга уринишмоқда. ОАВнинг хабар беришича, кейинги кунларда намойишчилар орасида камонлар, найза ва арбалетлар билан қуролланганлар пайдо бўлгани ҳақида хабар бермоқда.

Шаҳарда боғчалар ва мактаблар ҳафта охирига қадар ёпилди. Университетларда ҳам дам олиш кунларига қадар ўқишлар бекор қилинди.

Ҳонгконгдаги Хитой университети кампуси намойишчиларнинг асосий лагерларидан бирига айланган. Бу ерда талабалар ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар содир бўлиши натижасида яқин-атрофдаги темир йўл станциясига зарар етди. Талабалар университет ошхоналаридан бирини эгаллаб олишди ва намойишчиларга таом тайёрлаб беришмоқда, деб ёзади South China Morning Post. 

Полиция вакилининг сўзларига кўра, намойишчиларнинг ўзларини тутишлари терроризмга яқин келмоқда. Унинг айтишича, Хитой университети ҳудудида ёнувчи аралашмали идишлар, камонлар, найза ва катапульталар тайёрланмоқда.

Мавзуга оид