Ўзбекистон | 09:08 / 14.11.2019
26083
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда бедарак йўқолган 11 ёшли қизча Фарғонада топилди 

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Тошкентда бедарак йўқолган 11 ёшли қизча топилганини маълум қилди.

Хабарда таъкидланишича, интернетда йўқолгани ҳақида хабар тарқалган З.Т. исмли қизчанинг онаси 12 ноябрда соат 18.40да “102” рақамига мурожаат қилиб, қизи йўқлигидан хавотир билдирган. Қизнинг ота-онаси билан суҳбатда Олмазор тумани ички ишлар бошқармаси ходимлари оиланинг барча яқинлари ва қизнинг дугоналари ҳамда синфдошлари ҳақидаги маълумотлар ва контактларни олишган. Сўнгра улардан ҳар бири билан суҳбат вақтида қизча Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бобо-бувисиникида эканлиги аниқланган. Маълум қилинишича, қиз у ерга таксида ўзбошимчалик билан кетган.

Айни вақтда қизча Қўқондаги қариндошлариникида қолмоқда.

Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси фуқаролардан саросима ва ортиқча шов-шув кўтармаслик учун текширилмаган ахборотни тарқатмасликни илтимос қилиб қолади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид