Жаҳон | 01:15 / 15.11.2019
14523
3 дақиқада ўқилади

Башар Асад “Оқ каскалар” асосчиси МРБ буйруғи билан ўлдирилганини айтди

Фото: Reuters

“Оқ каскалар” гуманитар ташкилоти асосчиси, 11 ноябрда Истанбулда жонсиз ҳолда топилган Жеймс Ле Мезюрье АҚШнинг марказий разведка бошқармаси кўрсатмасига кўра ўлдирилган. Бундай фикрни Сурия президенти Башар Асад “Россия-24” телеканалига берган интервьюсида билдирди.

“Америкалик миллиардер Жеффри Эпштейн бир неча ҳафта аввал ўлдирилганди ва уни турмада ўз жонига қасд қилди деб айтишганди. У эса ўлдирилган, чунки Британия ва АҚШ, эҳтимол бошқа давлатлардаги жуда муҳим шахслар билан боғлиқ жуда кўп сирларни билган. Ҳозир “Оқ каскалар” асосчиси ўлдирилди, у зобит бўлган ва бутун ҳаёти давомида НАТО билан Афғонистон, Косово, Ироқ ва Ливанда ишлаган”, деб айтган Асад.

“Бизга маълумки, “Оқ каскалар” вакиллари “Ал-Қоида”нинг бир қисмидир. Ўйлашимча, бу одамлар, жумладан аввалроқ йўқ қилинган бин Лодин [“Ал-Қоида” етакчиси] ва ал-Бағдодий [ИШИД етакчиси] авваламбор муҳим сирларни билгани учун ўлдирилган. Улар ўз вазифаларини бажаргач, ортиқча ташвишга айланган. Улар ўз ролларини бажаргач, улардан халос бўлишга ўткир зарурат пайдо бўлган”, деб қўшимча қилган Сурия президенти.  

Асаднинг фикрича, бу одамларнинг барчасини МРБ йўқ қилган. “Албатта, бу махсус хизматлар иши. Бироқ қандай махсус хизматлар? Биз ғарб махсус хизматлари, турк ва минтақамиздаги бошқа махсус хизматлар ҳақида гапирганимизда, билингки, улар суверен давлатлар махсус хизматлари эмас, улар бош разведка хизмати – МРБнинг бўлинмаларидир”, деб таъкидлаб ўтган  Асад.

Жеймс Ле Мезюрье 11 ноябрда Истанбулдаги уйи ёнида жонсиз ҳолда топилганди. Турк ОАВнинг хабар қилишича, Ле Мезюрье кўплаб синиш жароҳатлари билан топилган. Унинг ўлими бўйича тергов бошланган.

Ле Мезюрье “Оқ каскалар”ни машқ қилдирган Mayday Rescue ташкилотига асос солган. “Оқ каскалар” Сурияда авиазарбалардан кейин яраланганларни қутқариш билан шуғулланади. Ташкилот вакиллари Суриядаги ихтилоф вақтида ўн минглаб одамларни қутқаришгани айтилади.

Аммо Сурия ҳукумати ва уни қўллаб-қувватловчи Эрон ва Россия ташкилотни террорчиларга ёрдам беришда айблаб келади.

Мавзуга оид