Спорт | 15:12 / 15.11.2019
16403
2 дақиқада ўқилади

Руслан Чагаев Россияда мураббийлик фаолиятини бошлади

Фото: РИА Новости

Бокс бўйича супер оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев Россияда мураббийлик фаолиятини давом эттириш ниятида.

«РИА Новости» хабарига кўра, Бутунжаҳон бокс уюшмаси (WBA) талқини бўйича собиқ жаҳон чемпиони, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Руслан Чагаев россиялик боксчи қиз Фотима Дудиевага «Нокаут қироллари» бокс шоусида мураббийлик қилади.

Фотима Дудиева 14 ноябрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган плей-офф турнирида польшалик Дорота Норекни мағлубиятга учратди.

«Ўйлашимча, мураббийлик фаолиятимни давом эттираман. Бу менинг ишим эканлигини англадим. Бу менга завқ бағишламоқда», - деди Чагаев.

Руслан Чагаев кўзи билан боғлиқ муаммолар туфайли 2016 йилнинг октябрида профессионал рингни тарк этганди.

«Оқ Тайсон» лақабли Чагаев 38та профессионал жанг ўтказган ва уларнинг 34тасида ғалаба қозонган. У рақибларини 21 марта нокаутга учратган.

Сўнгги йилларда Руслан Чагаев Германиянинг Ҳамбург шаҳрида яшаб, машғулот олиб борди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид