Спорт | 08:24 / 16.11.2019
13496
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги: зўравон тренер ишдан бўшатилди

Ижтимоий тармоқларда жорий йил 23 сентябрь куни кураш бўйича тренер Аббос Ҳасановнинг 21 сентябрь кунги машғулотларга сабабсиз келмаган ўқувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борган видео тарқалиб кетди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, унда А.Ҳасанов ушбу жараёнда шогирдларига қўпол сўзлар айтиб, уларга нисбатан куч ишлатган ҳамда педагогика этикасига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатларни содир этганлиги акс этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йилнинг 11 октябрида Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида йиғилиш ўтказилган. Унда тренер А.Ҳасановнинг ўқувчиларга нисбатан қўпол муомалада бўлганлиги ҳамда куч ишлатганлиги муҳокама қилинган. Мактаб-интернат жамоаси иштирокида 2019 йил 9 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда барча тренер ва йўриқчи-услубчиларга ўқувчилар билан қўпол муомалада бўлмаслик бўйича аниқ кўрсатмалар берилган. Шунга қарамай, кураш бўйича тренер Аббос Хасанов 23 сентябрь куни 2-17-гуруҳ ўқувчиси Маҳмадулла Мустафоевни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, унга нисбатан куч ишлатган, дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, мактаб-интернатнинг педагоглар жамоаси иштирокида ўтказилган йиғилишда ушбу таълим муассасаси директори Х.Сапаров мазкур ҳолатни кескин қоралаб, бу бошқаларга нотўғри таъсир қилишини таъкидлаб ўтган.

Йиғилиш якунида А.Ҳасановга педагогларга хос бўлмаган хатти-ҳаракатларни содир этганлиги учун интизомий чора кўриш белгиланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан Аббос Ҳасановга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси берилганди.

Бироқ, мазкур видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганидан кейин Сурхондарё вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан содир бўлган ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди. Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати директорининг буйруғига асосан 2019 йил 14 ноябрдан эътиборан тренер А.Ҳасанов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Мавзуга оид