Жамият | 17:56 / 20.11.2019
10060
3 дақиқада ўқилади

Қўқон шаҳар электр таъминоти корхонаси фаолияти такомиллаштирилмоқда

Бу йили Қўқон шаҳри электр таъминоти корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 30 июлдаги «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019/2020 йилги куз–қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4407–сонли қарорига мувофиқ, куз–қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, якунига етказилди.

 Хусусан, корхона томонидан «Электр узатиш тармоқларини жорий ҳамда мукаммал таъмирлашни 2019 йилга мўлжалланган режа дастури»га мувофиқ, жорий йил давомида жами 30 км узунликдаги 0,4–6 кВ.ли электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирдан, 142,4 км узунликдаги 0,4–6 кВ.ли электр узатиш тармоқлари ҳамда режа доирасида жами 135 дона 6/0,4 кВ.ли трансформатор пунктлари жорий таъмирдан чиқарилди.

 «Обод маҳалла» давлат дастури доирасида шаҳарнинг «Ғиштлимасжид», «Аччиқкўл», «Тухлимерган» ва «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинида жами янги 2 дона трансформатор пункти ўрнатилди. 14 дона трансформатор пунктлари жорий таъмирланди. 34,4 км узунликдаги 0,4 кВ.ли ҳаво тармоқлари реконструкция қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–2661–сон қарорига асосан, шаҳардаги «Тўғонбоши», «Аччиқкўл», «Шалдирамоқ», «Сунбула», «Қудуқлиқ» МФЙларига янги 5 дона қувватлари 160, 250, 400, 630 кВА бўлган трансформатор пунктлари ўрнатилди. 9,2 километрдан иборат янги 6 кВ.ли, 69,7 км узунликдаги 0,4 кВ.ли ҳаво узатиш тармоқлари қуриб битказилди.

Куз–қиш мавсумини беталофат ўтказиш, истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш, аварияли ҳолатларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш бўйича корхонада тун-у кун навбатчилик ташкил этилиб, техника, транспорт ва эҳтиёт қисмлар захиралари жамланди. 

«Жорий йилнинг 22 декабрь куни «Янги Ўзбекистон, янги сайлов» шиори остида бўлиб ўтадиган сиёсий тадбирга тайёргарлик доирасида, Қўқон шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан шаҳардаги 67та сайлов участкаларининг тўлиқ ташқи ва ички электр таъминоти қайта кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар жойларда бартараф этилди.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда Қўқон шаҳри тўлиқ АСКУЭ тизимига уланган бўлиб, ҳозирда барча ҳисоблагичларни дастурлаш ишлари амалга оширилмоқда», дейилади Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид