Иқтисодиёт | 10:16 / 20.11.2019
57535
7 дақиқада ўқилади

ЕОИИга кириш учун мигрантлар баҳонами?

© РИА Новости, Максим Блинов

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши бўйича баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Иқтисодчи Жамшид Муслимов ушбу мавзу бўйича навбатдаги мақоласини тақдим этди.

Жавобталаб савол

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг шароитларини яхшилаш учун ҳам ЕОИИга киришимиз керак деган даъвога нисбатан мен муҳтарам сиёсатчиларимиз ва жамиятимиз олдида ушбу масалани қўймоқчиман:

Иттифоққа кириш узоқ йиллик, эҳтимол асрлик қарордир. Миграция масаласи ЕОИИга кириш учун асосий туртки бўлиши ватанимиз меҳнаткашлари ўзга юртларда ҳали узоқ йиллар қолади деганими? Ҳозирги вазият вақтинчалик эмасмиди? Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқаришининг миқёси янада кенгайишига қаратилган ҳаракатлар тўхтатилдими? Давлатнинг стратегик кўзловига (vision) бундай ёндашув қанчалик мос?

Бу саволларга асосли жавобни ЕОИИ тарафдорларидан кутиб қоламиз ва ўз фикримизни давом эттирамиз.

Россиядан маҳсулотлар импорти меҳнат экспортини кучайтиради

Келинг, ЕОИИга аъзо бўлгач иш кучи миграцияси вазияти истиқболини моделлаб кўрайлик. Ўйлайманки, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг янги оқими Россия ва озроқ сонда Қозоғистонга йўл олади. Бунга сабаб ЕОИИнинг каттароқ давлатларида шароит яхшиланганидан эмас, балки ватанда иш жойлари кескин даражада қисқариши бўлади. Аввалги мақоламизда айтилганидек, Россия ички бозорга ўз маҳсулотлари билан кириб келиб, антимонопол хизматимизнинг сусткашлиги туфайли демпинг орқали меҳаллий ишлаб чиқарувчиларни синдиради. Натижада иш жойлари кескин равишда қисқаради ва саноат ривожланиши илдизига болта урилади. Шу ўринда, Ўзбекистон товарлари устидан Россия бозорларида чеклов таҳдиди ҳеч қаерга кетмайди, буни фактлар билан аввалги мақолада айтиб ўтганмиз.

ЕОИИ давлатларини (айниқса Россия) Ўзбекистондан ўзлари етиштира олмайдиган товарлар қизиқтиради. Бу – пахта, мева-сабзавот ва полиз экинларидир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига йўллар очилиши яхши нарса. Лекин агрохўжаликнинг аянчли камчилиги мавжуд: у Ўзбекистон шариотида янги иш ўринлари етарли даражада ўсишини таъминламайди. Қишлоқ хўжалигида бандликнинг ошишига қисқа муддатли мавсумлик хосдир.

Демак, иш ўрни топа олмаган ўзбекларнинг янги катта оқими Россия томон йўл олади. Иқтисодий назариянинг мумтоз қонуни – бозорда таклиф ошганда унинг нархи тушиб кетишидир. Яъни ватандош ишчи кучлар орасида рақобат кескинлашиб кетиб, уларнинг даромади кескин камаяди. Бу эса муҳожир ва уйда қолган яқинларининг турмуш тарзи ёмонлашувига олиб келади.

Россия ўзбек муҳожирларига муҳтожми?

«Россиянинг аҳолиси қаримоқда ва озаймоқда», дейди Москва давлат университетининг иқтисод ва демография бўйича мутахассиси Ольга Чудинская. Унинг сўзларига кўра, 2035 йилга бориб Россия аҳолисининг сони 6,5 миллионга камайишини қоплаб берувчи мигрантлар оқимига эҳтиёж бор. Ундан ташқари, турли хил касб эгалари етишмовчилигини муҳожирлар ҳисобига таъминлаш ҳақида Россияда анчадан бери мутахассислар тарафидан айтилади, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий ходимлар тақчиллигини мигрантлар ёрдамида ҳал қилишни таклиф этган.

Бир қарашда ташқаридан меҳнат кучлари импортига объектив эҳтиёж бордек. Лекин уч тараф, ҳукумат, демографлар ва аҳоли ўртасида на сўзда, на амалда якдиллик кузатилади. Демографлар мигрантларни кўпроқ чақириш ва бу мақсадда институционал ислоҳотлар ўтказишни талаб қилсалар, аҳолининг каттагина қисми ва популист сиёсатчилар бундай қарашни кескин қаршилайдилар ва мигрантофоблик руҳида ўз эътирозларини билдирадилар. Давлат эса икки ўртада тургандек ўзининг жўяли позициясини шакллантира олмаган. Барча соҳаларда тизимли ислоҳотлар анча йиллардан бери секинлашиб, мигрантларга муносабат борасида ижобий бурилишлар кутилмайди.

Бундай вазиятда ватандошларимизнинг Россияга янги оқимини қандай иқтисодий, ижтимоий муҳит кутаётганини аниқлаб олишимиз лозим.

Реал муҳит

Россиянинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати 2009 йилги молиявий ва 2014 йилги иқтисодий инқирозлар натижасида ва турли бошқа омиллар сабабли жорий давргача яхшиланаётгани кузатилмайди. Аҳолининг харид қуввати инобатга олинган реал даромади 2018 йилга келиб 2013 йилга нисбатан 11 фоизга озайди. 2019 йилнинг сентябрига келиб ўтган йилга нисбатан бу кўрсаткич фақат 0,2 фоизгагина яхшилангандек бўлди. Россия иқтисодининг жорий йилдаги ўсиши 1 фоизлик бўлиб, 2020 йил учун энг кўпида 1,6 фоизга етиши кутиляпти. Иқтисодий вазият сустлашувига асосий сабаблар сифатида инвестицион фаолликнинг озайиши, улгуржи савдо ҳажми қисқариши, саноат ишлаб чиқариш суръатлари ва энергетика соҳасидаги қийинчиликлар кўрсатиляпти ҳамда ташқи санкцияларнинг таъсири ҳам сезиляпти.

Ижтимоий соҳаларини модернизация қилиш тўхтатилган ҳамда катта ва ўрта бизнес учун ҳаводек зарур бўлган мулк дахлсизлиги ва судлар мустақиллигига бўлган ишонч синган вазиятда ишлаб чиқариш ўсиши бўлмайди, демакки, янги яхши тўланадиган, сифатли иш ўринлари пайдо бўлмайди.

Шундоқ ҳам ҳолати танглашаётган маҳаллий аҳоли асосан МДҲ давлатларидан ёғилиб келаётган мигрантларни меҳнат бозорини арзонлаштиришда сабабчи сифатида кўриши табиий. Расмий сўровномалар хабарига кўра, ўзга миллат вакилларининг яшашини чеклашни истовчилар 71 фоизга етган. Улар орасида Россияда Марказий Осиёдан келганлар яшашини истамайдиганлар 32 фоизни ташкил қилади. «Россия руслар учун» шиори ҳамон машҳурлигича қолиб, муҳожирлар норасмий миллатчи гуруҳлар тарафидан хужумларига дучор бўлиши давом этмоқда. Бу етмагандек, «осиёлик қиёфали» ватандошларимиз мунтазам равишда полиция тарафидан ноқонуний таъқибларга учрамоқда. Мазкур вазиятни ўнглаш учун етарли чоралар кўрилаётгани йўқ.

Менинг фикримча, ЕОИИга Ўзбекистон аъзо бўлган тақдирда бу муаммолар бартараф бўлмайди, аксинча янада чуқурлашиб, кенгайиб боради.

Сўнгги сўз ўрнида давом ваъдаси

Аввалги мақола учун қолдирилган изоҳларни кузатиб, мен ўзгача фикр қарашларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Улар орасида кўп кўзга ташлангани - ЕОИИга киришдан қайтариш гўёки миллий бозоримизни ташқи рақобатдан тўсиш ва протекционизм тарафдорлигида айблаш бўлди. Яъни, ЕОИИга кирмаслик маҳаллий истеъмолчиларни сифатли ва арзон маҳсулотлардан тўсишга тенглаштириб қўйилган. Бу жуда қизиқ эътироз ва у алоҳида мулоҳазага лойиқ, шу сабабли мен кейинги мақоламни айнан шу мавзуга бағишламоқчиман.

Жамшид Муслимов

Мавзуга оид