Ўзбекистон | 10:50 / 22.11.2019
154822
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди

Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари ва ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони лавозимидан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси президенти қарори билан Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муҳиддин Ўткирович Жўраев лавозимидан озод қилинди. Бу маълумотни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

Муҳиддин Жўраев

Полковник Муҳиддин Жўраев 2014-2016 йилларда Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бошлиғи, 2016-2018 йилларда Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган.

У 2018 йилнинг декабрь ойи охирида ички ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Шунингдек, 2019 йил июлида Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти лавозимини эгаллаганди.

Президент қарори билан Ички ишлар вазири ўринбосаридан ташқари, узоқ йиллардан буён ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони сифатида ишлаб келаётган генерал-майор Дмитрий Валерьевич Пан ҳамда яна бир неча мансабдор ишдан олинган.

Дмитрий Пан / Uznews

Шунингдек, 2019 йил январида ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган полковник Бахтиёр Пўлотович Пормонов ҳам лавозимидан озод этилгани айтилмоқда.

Ҳозирча бу истеъфоларнинг аниқ сабаби келтирилмаяпти.

Мавзуга оид