Янги даврдаги 5-алмашув: Фарғонага ИИБ бошлиғи бўлган Азизбек Икромов ишончни оқлай оладими?
2015 йилдан буён Фарғонада вилоят ИИБда беш марта бошлиқ ўзгарди. Азизбек Икромовгача ушбу лавозимга тайинланган тўрт раҳбардан ҳеч бирининг фаолияти уч йилга етиб бормаган.
2015 йилдан буён Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасини Аловиддин Султонов, Раҳмат Маматов, Дониёр Тошхўжаев, Муҳиддин Жўраев бошқариб келган бўлса, 2023 йилнинг 27 июль куни бу вазифа генерал-майор Азизбек Икромовга топширилди. Ушбу мақолада аввалги раҳбарларнинг истеъфосига сабаб бўлган омиллар, шу пайтгача вазир Бобожоновнинг ишонган ўринбосарларидан бири бўлган Икромовдан нима кутилаётгани ҳақида сўз юритамиз.
Аловиддин Султонов (2015 йил сентябрь – 2017 йил октябрь)

Интернет кенгликларида полковник Аловиддин Пўлатович Султонов ҳақидаги маълумотлар кўп эмас. Фақатгина унинг 2015 йил сентябрида Фарғона вилояти ИИБга раҳбар этиб тайинлангани, 2017 йилнинг май ойида ОАВ вакилларига ҳисобот бергани маълум холос.
Султонов ўз ҳисоботида вилоятда ўтказилган профилактика тадбирлари давомида суд ва тергов органларидан яшириниб юрган 5 нафар шахс аниқланиб ушлангани, муқаддам содир этилиб фош этилмаган 2 та жиноят фош этилгани, сабабсиз дарс машғулотларига қатнашмаганлиги аниқланган ўқувчилар бўйича 50 нафар ота-онага, 3 нафар таълим муассасаси ходимига чора кўрилиб, 213 нафар ўқувчи таълим жараёнига қайтарилгани ҳақида сўз юритган.
Аловиддин Султоновнинг нима учун ишдан олингани ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ. У Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи лавозимида 2 йил-у 1 ой давомида фаолият юритган.
Раҳмат Маматов (2017 йил октябрь – 2020 йил январь)

Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, ички ишлар вазири ўринбосари, вазирнинг биринчи ўринбосари, Навоий вилояти Халқ қабулхонаси мудири бўлиб ишлаган Раҳмат Маматов 2017 йилнинг октябридан 2020 йилнинг январигача Фарғонанинг “бош милиционер”и бўлганди.
2019 йилнинг декабрида Фарғонада ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи иштирокида ўтказилган йиғилишда ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизомининг бузилиши, шунингдек, келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатлар танқид қилинган, қатор ички ишлар ходимлари ишдан олиниб, бир қанчасига интизомий жазо берилган, 68 нафари эса огоҳлантирилганди.
2020 йилнинг 21 январь куни Раҳмат Маматов “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси бўлгани эълон қилинди. Бир ойдан сўнг фонд вазирликка айлантирилган, фонд раҳбари эса Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири бўлганди. Энг қизиғи, ўша пайтда ички ишлар вазири ўринбосари бўлиб ишлаётган Азизбек Икромов ИИВдаги лавозим ва вазифаларини сақлаб қолган ҳолда Маматовга ҳам ўринбосарлик қилганди.
Бироқ Маматов вазир сифатидаги узоқ ишламади - 2022 йилнинг февралида Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи этиб тайинланди.
Дониёр Тошхўжаев (2020 йил январь – 2022 йил февраль)

Дониёр Тошхўжаевни ҳам кўпчилик жамоатчиликка очиқ, замонавий фикрловчи, фуқаролар билан ҳар қандай вазиятда мулоқотга кириша оладиган шахс сифатида билишади. Унга исталган саволни бериш ва тўғридан тўғри жавоб олиш мумкин эди, деб ёзганди у билан Фарғонада интервью уюштирган Insider.uz Телеграм канали.
Бунгача у ички ишлар вазирининг ўринбосари — ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи бўлиб ишлаётганди.
“Биз бу ерга Тошкентдан кўплаб ғояларни олиб келганмиз, август ойида 102 рақамига қўнғироқ қилинганида инсон омили нолга тенг бўлган, жавоб бериш мобил тарзда, ходимлар реал вақт режимида қаердан қўнғироқ бўлаётгани-ю, ким ўша жойга энг яқин бўлса етиб борувчи тизимни тақдим этамиз. Бу ҳақда уни ишга туширганимиздан сўнг батафсил гаплашамиз”, деганди у фаолиятининг илк даврида.
У сўзининг уддасидан чиқиб, ўзи ваъда қилган тизимни ишга туширди. Бундан ташқари, вилоятдаги ички ишлар тизимида қатор ўзгаришлар қила олди, соҳага инновация ютуқларини олиб кирди. Ақлли светофорлар, Фарғона вилояти бўйлаб, ҳайдовчиларни истаса-истамаса секинлашишга мажбур қиладиган нотекис пиёдалар ўтиш жойлари, учувчисиз учадиган қурилмалар ёрдамида ҳуқуқбузарликларни қайд этиш республикада биринчи бўлиб Фарғонада кўриниш берди.
Ўзгаришларни ҳатто президент Шавкат Мирзиёев ҳам эътироф этганди. Давлат раҳбари Фарғона вилоятини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатаркан, бу ерда ЙҲТ сонини 31 фоизга, “авария”лардаги ўлимни 21 фоизга, пиёдалар ўртасидаги йўл-транспорт ҳодисалари 37 фоизга қисқартиришга эришилганини мамнуният билан таъкидлаганди.
Бироқ вилоятда содир бўлган айрим воқеалар Тошхўжаевнинг карьерасига қайсидир маънода нуқта қўйди дейиш мумкин. Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари ўз молхонаси қурилишида инспекторларни ишлатгани, улардан 55 минг сўмдан пул йиғиб олгани, ҳайдовчиларни жаримага тортиш бўйича “план” белгилагани юзасидан собиқ инспекторнинг ижтимоий тармоқ орқали видеомурожаат йўллагани, бироқ бу ишлар босди-босди қилишга уринилгани, ИИБ идорасига олиб келинган фуқаролар кўп ўтмай у ерда вафот этгани, шулар жумласидандир.
Бироқ шунга қарамай Тошхўжаевнинг ишдан олиниши жамоатчилик учун кутилмаган воқеа бўлганди. ИИВ ушбу истеъфони Фарғонада сўнгги йилларда жиноятчилик кескин ошгани, хусусан, ўғрилик, фирибгарлик каби жиноятлар ортиб кетгани, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар профилактикасидаги камчиликлар оқибатида ушбу турдаги жиноятлар салмоғи сезиларли даражада ошишига йўл қўйилгани, хотиржамликка берилиш, жиноят муҳокамалари ва профилактик тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилмаганлиги, ҳамкор ташкилотлар билан ҳамжиҳатликнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги, салбий оқибатларни келтириб чиқаргани билан изоҳлаганди.
Муқаддам Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимларида ҳам фаолият кўрсатган, жамоатчилик томонидан ички ишлар вазири лавозими учун номзодлардан бири дея ишонилган Дониёр Тошхўжаев айни пайтда Тошкент вилоят ИИББ Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимида ишламоқда.
Муҳиддин Жўраев (2022 йил февраль – 2023 йил июль)

Муҳиддин Жўраев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангунга қадар Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган. Бунгача эса Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари, Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган.
Фарғона вилоят ИИБни икки йилдан сал кўпроқ вақт мобайнида бошқарган Жўраев ҳақида жамоатчилик айтарли ҳеч нарса билмайди. У ўтмишдошидан фарқли равишда ёпиқ раҳбар эди.
Унинг бошқаруви даврида Фарғонада ИИБ ходимлари қуюшқондан чиққани, ваколат чегарасидан чиқиб, фуқароларга жисмоний тажовуз қилаётгани аниқланганди. Шунингдек, Қувасойда ИИБ ходимлари томонидан мастлик ҳолатини текшириш учун олиб кетилаётган фуқаро тўсатдан вафот этган, Тошлоқда профилактика инспектори ўзини отиб қўйган, ўғрилик қилгани ортидан 16 октябрь куни қўлга олиниб, туман ИИБ бошлиғи қарорига асосан Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган 15 яшар ўсмирнинг шу ерда жони узилган, воқеа шов-шув бўлиши ортидан ўсмирнинг ўлимига бевосита алоқадор бўлган икки ходим ички ишлар органларидан бўшатилган, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи лавозимидан озод этилган, етти нафар ходим жазоланганди. 20 июл куни Фарғона шаҳрининг Янги аср кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилганди. Бу ҳали матбуотда ёритилган хабарлар холос.
Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 27 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб, бу борадаги ишлар аҳволи қониқарсизлигини танқид қилди. Фаолиятида йўл қўйган камчиликлар учун Муҳиддин Жўраев лавозимидан озод этилди.
Президент матбуот хизматига кўра, Жўраев жиноятчиликка қарши курашиш ўрнига статистикани сунъий камайтириш билан шуғулланиб келган, вилоятда жиноятларни рўйхатга олмаслик орқали уларни яшириш оддий ҳолга айланиб қолган.
Азизбек Икромов (2023 йил июль)

Азизбек Икромовни универсал аскар дейиш мумкин. Бир қарасанг мудофаа вазири ўринбосари, бир қарасанг, ички ишлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий тарбия ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи ҳамда бир вақтнинг ўзида маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирига муовин бўла оладиган мулозимни яна қандай аташ мумкин?!
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида вилоят ИИБ раҳбари этиб тайинланган Икромовнинг олдида вилоятда жиноятчиликни камайтириш, ходимлар ўртасидаги салбий ҳолатларга чек қўйиш, Фарғонани криминоген ҳудуд деган тамғадан халос этиш вазифаси турибди.
Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси муаллифларидан бири бўлган Азизбек Икромов Kun.uz’га берган интервьюсида ички ишлар тизими халқчил тизимга айланиши, бунинг учун эса шаффофлик бўлиши кераклиги, тизим аниқ ўзгаришини таъкидлаган эди. Эндиликда у буни тил учида айтмаганини Фарғона ИИБни ўзгартириш орқали исботлашига тўғри келади. Умид қиламизки, “универсал аскар” бунинг уддасидан чиқади.
Жамшид Ниёзов,
журналист
Тавсия этамиз
АҚШ ва Хитой ўртасидаги божхона уруши: ким ютади?
Жаҳон | 12:46 / 17.04.2025
Япониядан Италиягача – пулли йўллар ҳақидаги таассуротлар
Жаҳон | 21:50 / 16.04.2025
Туркияга алдов йўли билан чақирилган вояга етмаган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди
Жамият | 17:05 / 16.04.2025
Гўшт нархи ошиши: қўшни мамлакатларда вазият қандай?
Иқтисодиёт | 20:36 / 15.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Xiaomi Redmi A5’ни тақдим этди: кучли камералар ва юқори самарадорлик янги дизайнда
Ўзбекистон | 15:00
-
«Халқаро институтлар бугун самарасиз бўлиб боряпти» – президент глобал иқтисодий ҳолат ҳақида
Ўзбекистон | 14:44
-
Латвия ўзбекистонлик ҳайдовчиларни Болтиқбўйи ва Скандинавия мамлакатларида ишга жойлаштиради
Ўзбекистон | 14:12
-
Reuters: Россия ҳарбий таъминот учун АҚШ фирмасидан фойдаланмоқчи
Жаҳон | 13:53
Мавзуга оид

10:37 / 11.04.2025
Фарғонада 120 млн долларга металлургия заводи қурилади

17:46 / 04.04.2025
Фарғонадаги ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди

09:41 / 22.03.2025
40 метрли қудуқ тубида қолиб кетган фуқаро қутқарилди

22:49 / 12.03.2025