Жамият | 17:30 / 22.11.2019
36238
6 дақиқада ўқилади

«Икки карра икки беш» ёхуд суд қарори тўғрими?

Таҳририятга 2016 йил 29 февраль кунига қадар Чирчиқ шаҳридаги «Пайванд» масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоизлик улушига эгалик қилиб келган Ашурбой Тошматов мурожаат қилди. Унинг маълум қилишича, «Пайванд» МЧЖнинг бошқа шахслар фойдасига ўтказилган мулклари суднинг мантиқсиз қарори натижасида ўзга шахсларда қолиб кетмоқда.

«2016 йил 6 февраль куни шахсий ишларим билан Россия Федерациясида юрган вақтимда «Пайванд» МЧЖнинг устав фондидаги 100 фоизлик улушимдан бошқа шахслар, яъни Т.М.Тўйчиева, С.У.Таджибаева ва Д.Н.Тожибоева фойдасига воз кечиш тўғрисида нотариал тартибда ариза бердим. Красноярск ўлкаси нотариал идораси томонидан тасдиқланган мазкур аризамга асосан 2016 йил 29 февраль куни «Пайванд» МЧЖнинг умумий йиғилиш қарори қабул қилинган. Устав талабларига мувофиқ қарорни ўғлим А.А. имзолаган.

Шундай қилиб, «Пайванд» МЧЖнинг устав фондидаги улушлар Т.М.Тўйчиевада 50 фоиз, С.У.Таджибаевада 25 фоиз, Д.Н.Тожибоевада 25 фоиз қилиб белгиланди ҳамда таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар 10 март куни Чирчиқ шаҳар тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциясида давлат рўйхатига олинди.

«Пайванд» МЧЖ ва унинг мол-мулкларида бирор ҳуқуқимиз қолмаган бўлса-да, ўғлим ва жамиятнинг ўша пайтдаги ижрочи директори бўлган Д.З. қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, 2016 йил 6 апрель куни Чирчиқ шаҳридаги 3-сонли нотариал идора орқали Чирчиқ шаҳрининг 50 йиллиги проспекти 1-уй манзилида жойлашган бино-иншоотларни фуқаро Д.К.га сотиб юборади.

2016 йил 29 февралдан кейин ўғлим ёки жамият ижрочи директорининг жамият мулкини тасарруф этиш ҳуқуқи бўлмаган. Қолаверса, бу олди-сотди шартномаси жамият тўлиқ бошқа шахслар ихтиёрига ўтказилганидан қарийб бир ой ўтиб амалга оширилган. Бундан ташқари, олди-сотди объекти ҳисобланган бино-иншоот «Пайванд» МЧЖ балансида бўлиш билан бир қаторда унинг Устав фонди таркибига ҳам киритилган бўлган.

Ғайриқонуний равишда, ваколатли бўлмаган ҳамда мулкни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар томонидан амалга оширилган олди-сотди шартномаси фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 2019 йилнинг 10 июнидаги қарори билан ҳақиқий эмас, деб топилди.

Муаммолар шу билан барҳам топди, ҳаммаси ўз изига тушиб кетди, деб ўйлаган эдик. Бироқ адашган эканмиз. Бу масала фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилди. Апелляция инстанциясининг 2019 йил 23 августдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 2019 йил 10 июндаги қарори бекор қилиб ташланди. Олди-сотди шартномаси эса ўзи кучида қолди. Ғоят мантиқсиз ва адолатсиз қарор деб биламан бу қарорни. Бу ажримнинг чиқарилиши натижасида низоларга мутлақо алоқаси бўлмаган Т.Тўйчиева мулкий зиён кўрмоқда», дея ёзилган мурожаатда.

Ашурбой Тошматов

А.Тошматовнинг таъкидлашича, апелляция инстанциясининг ушбу ажримни қабул қилишига бирор-бир етарли асос бўлмаган.

Олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этгани учун ижрочи директор Д.З. ва А.Тошматовнинг ўғли А.А.га нисбатан Чирчиқ шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 228-моддасининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тергов органининг жорий йил 16 октябрдаги қарори билан, жиноят иши ЖПКнинг 84-моддаси бешинчи қисми 2-банди (ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган тақдирда) орқали А.А. ва Д.З.нинг розилиги билан уларнинг айблилиги ҳақидаги масала ҳал қилинмай туриб тугатилган.

Жиноят ишининг дастлабки терговида А.А. ва Д.З. ҳақиқатан ҳам Чирчиқ шаҳрининг 50 йиллиги проспекти 1-уй манзилида жойлашган бино-иншоотларни сотиш учун нотариал идорага тайёрланган ҳужжатларни қалбакилаштирганликларини тан олиб, бу қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонликлари тўғрисида кўрсатма беришган.

Қолаверса, бино-иншоотларни сотиш учун асос бўлган «Пайванд» МЧЖ таъсисчиларининг 2016 йил 1 мартдаги (тергов органи хулосасига кўра айнан ушбу қарор қалбакилаштирилган деб топилган) Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 22 февралдаги ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас, деб топилган.

Маълум бўлишича, манфаатдор томоннинг мазкур ажрим устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига 2019 йил 15 сентябрь куни назорат тартибида киритган шикояти тақдири бугунги кунга қадар (2019 йил 22 ноябрь – таҳр.) номаълумлигича қолмоқда. А.Тошматов жорий йилнинг 17 октябрь куни Олий судда бўлиб, А.А. ва Д.З.га нисбатан жиноят иши бўйича қабул қилинган қарор нусхасини тақдим этган. Бироқ, шу куни уни қабул қилган Олий суд ходимидан ишга алоқадор бирор янгилик эшитмаганини таъкидлади.

Яна бир қизиқ ҳолат. Жорий йил 16 октябрь куни тергов органи бино-иншоотларни олди-сотди қилиш тайёрланган ҳужжатлар қалбаки эканлигини тасдиқлади ва бу ҳақида тегишли қарорни қабул қилди. Бироқ, Чирчиқ шаҳар прокуратураси айнан шу куни ФИБ вилоят судининг 23 августдаги ажримига асосланиб, янги очилган ҳолат бўйича ишни қайта кўришни сўраб Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига ариза киритган.

Суд ишига аралашиш ёки унинг натижаларини олдиндан тахмин қилиш фикридан йироқ бўлган ҳолда ушбу қизиқ ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қандай ҳал этилишини кузатишда давом этамиз.

Жамшид Ниёзов тайёрлади

Мавзуга оид