11:45 / 22.11.2019
0
4251

Инклюзив туризм: ногиронлиги бўлган кишилар учун саёҳат ташкил этилди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан инклюзив туризм (тўсиқсиз туризм, паратуризм) турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўмита Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда “Саёҳат барча учун” хайрия лойиҳасини амалиётга татбиқ этмоқда. 

13-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтган ХХV Тошкент халқаро туризм “Ипак йўлида туризм” кўргазмаси доирасида Наманган вилоятида истиқомат қилаётган 25 нафар ногиронлиги бўлган кишиларнинг Тошкент шаҳрига саёҳати ташкиллаштирилди. 

Саёҳат билан боғлиқ барча харажатлар (транспорт, овқатланиш, меҳмонхона, гидлар хизмати ва б.) Қўмита ҳузуридаги “Туристларга хизмат кўрсатиш маркази” ДУК махсус ҳисоб рақамига келиб тушган ва “Rais buva” канали, “Art hotel” меҳмонхонаси, “Наврўз” боғи, “Муза” қандолатчилик фирмаси, овқатланиш масканлари ва транспорт ташкилотининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қопланди.  

Маълумот учун: “Туристларга хизмат кўрсатиш маркази” ДУК ҳузурида махсус ҳисоб рақам очилган. Тўлов тизимлари ёрдамида “Саёҳат барча учун” лойиҳасига маблағ ўтказиш ташкиллаштирилган. 

Саёҳатчилар икки кун давомида Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари (“Хасти-Имом” мажмуаси, “Наврўз” боғи, “Humo Arena” ва б.) ҳамда Тошкент халқаро туризм кўргазмасининг очилиш маросимига ташриф буюришди.

Саёҳат давомида мазкур туризм турига оид инфратузилманинг ҳолати ўрганилди ва келгусида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда инфратузилмани ногиронлиги бўлган кишилар учун мослаштириш юзасидан чора-тадбирлар амалга ошириш белгиланди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top