17:20 / 24.11.2019
1
52356

Президентнинг амалдорларга топшириғи, «Нархоз»да эркин форма, ИИВ раҳбариятидаги ўзгаришлар ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Тинчлик даври қурбонлари

19 ноябрь куни Жиззах вилоятининг Зомин туманида ИИБ биносини таъмирлаётган етти уста ис газидан заҳарланиб вафот этди. 20 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ва Навоий вилоятининг Хатирчи туманида жами 5 киши (3 эркак ва 2 аёл) ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди, бир бола шифохонага ётқизилди.

Ўтган ҳафтада Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида бир оиланинг етти аъзоси бодринг-помидор консервасидан заҳарланган эди, уларнинг икки нафари вафот этди. Жиззахда «Эпика» автомашинаси «Камаз» юк машинаси орқасига келиб урилиши оқибатида, енгил автомобилда бўлган 4 киши воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.

Андижон вилоятида эса газ портлаши оқибатида она ва ўғил жароҳатланди.

Ўзбекистонликлар Санкт-Петербургда ҳам ис газидан заҳарланиб вафот этишмоқда.

Президент амалдорларга кибрга берилмаслик ҳақида топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни уй-жой қурилиши масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Йиғилишда маълум қилинишича, аҳолини уй-жой билан таъминлашда янги тизим жорий этилади ва энди уйлар тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилади. Шунингдек, қишлоқларда уй-жойлар йўл бўйларида бир қатор қилиб қурилишига чек қўйилади.

Йиғилиш давомида президент амалдорлар халқ ва ОАВ билан мулоқотда кибрга берилмаслиги шартлигини таъкидлаган, давлат идоралари раҳбарларига халқ ва ОАВ билан мулоқотда кибрга берилмаслик ҳақида топшириқ берган. «Раҳбарлар нафақат ўзининг, балки давлатнинг ҳам шаънини сақлашга масъул экани таъкидланди», дейилади расмий ахборотда.

АҚШ Давлат департаменти Шавкат Мирзиёевнинг давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги тўғрисидаги баёнотига муносабат билдирди.

«Нархоз»да «форма мустақиллиги»

Яқинда раҳбарияти ўзгарган Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари 25 ноябрь кунидан ҳафтасига беш кун ўқийди. Шунингдек, университетда мажбурий форма бекор қилиниб, эркин форма жорий этилди. Университет раҳбарияти бу борада тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ ҳам берди.

Бу янгилик ижтимоий тармоқларда ижобий қарши олинди ва интернет фойдаланувчилари бошқа олий таълим муассасаларини ҳам шундай ислоҳотларга чақиришмоқда.

Шунингдек, таълим даргоҳларида ўқиш бошланиши вақтини кечиктириш бўйича ҳам таклифлар билдирилган.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев телеграмдаги каналида эркин форма атамасига аниқлик киритган.

Ички ишлар вазирлигида кадрлар бўйича катта ўзгаришлар рўй берди

Фото: Daryo — LIVE

22 ноябрь куни Ички ишлар вазирининг жамоатчилик тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муҳиддин Жўраев ва ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони генерал майор Дмитрий Пан лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар тарқалди. 23 ноябрь куни Бош прокуратура генерал майор Дмитрий Панга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва унга нисбатан Тошкент ҳарбий судининг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида «қамоққа олиш» қўллангани ҳақида хабар берди.

Шу куни кечқурун вазирнинг яна бир ўринбосари - молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғи Рустам Эргашев ва тизимдаги бошқа раҳбарлар ҳам ишдан олингани маълум бўлди.

Қуйида сўнгги кунлардаги асосий ўзгаришлар келтирилади:

✅ Генерал-майор Азизбек Икромов ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Илгари у мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари эди.
❌ Бунгача мазкур лавозимда Муҳиддин Жўраев фаолият олиб бораётган эди.

✅ Полковник Аюбхон Раҳматуллаев ички ишлар вазирининг ўринбосари — молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Илгари у Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари эди.
❌Бунгача мазкур лавозимда Рустам Эргашев фаолият олиб бораётган эди.

✅ Полковник Улуғбек Муҳамедов ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи (Республика «ОВИР») лавозимига тайинланди. Илгари у Президент администрациясида мутасадди ходим бўлиб ишлар эди.
❌Бунгача мазкур лавозимда узоқ йиллардан бери Бадриддин Шорихсиев фаолият олиб бораётган эди.

✅ Полковник Олим Саидов ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (Республика «ГАИ») бошлиғи лавозимига тайинланди. Илгари у Юнусобод туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлар эди.
❌ Бунгача мазкур лавозимда узоқ йиллардан бери Холматжон Сайдалиев фаолият олиб бораётган эди.

✅ Полковник Бекмурод Абдуллаев ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Илгари у Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари эди.
❌ Бунгача мазкур лавозимда Бахтиёр Фармонов фаолият олиб бораётган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top