Жамият | 11:55 / 25.11.2019
45607
4 дақиқада ўқилади

«Газ сўрғич» мосламасидан фойдаланиш мумкинми?

Фото: KUN.UZ

Сўнгги пайтларда аҳоли ўртасида табиий газ қувурларига ўзбошимчалик билан турли «газ сўрғич» мосламаларини ўрнатган ҳолда фойдаланиш ва «ундан фойдаланиш қонунийми?» мазмунидаги саволлар кўп учрамоқда.

«Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизматининг ёзишича, аҳоли томонидан хонадонларда ностандарт газ ускуналари ва газ ёндиргичлардан (горелка) фойдаланиш ёхуд ўзбошимчалик билан газ ускуналарини жойлашувини ўзгартириш, бошқа ностандарт газ ёндиргичларга алмаштириш, созлаш ёки газ ускуналарини конструктив ҳолатини ўзгартириб, технологик жараёнларига ўзгартиришлар киритиш натижасида газ ускуналаридан ёки уларнинг уланиш қисмларидан табиий газ сизиб чиқиши ҳамда чала ёниш ҳолатлари юзага келади.  

Табиий газ тўпланган хонада гугурт чақилиши ёки хонадаги ёритиш тизими ёқилганда, хонада газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлади. Газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши кўплаб аянчли оқибатларга сабаб бўлади. 

Эслатилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорининг 2-иловаси 123-бандининг «г» қисмига асосан, газ қувурлари ёки ГТШларда, газ тақсимлаш тармоқларини технологик иш режимини бузишга олиб келадиган қурилмаларни ўрнатиш тақиқланади.

 Шунингдек, 143-банди талабларига биноан табиий газдан фойдаланишда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

а) ўзбошимчалик билан газлаштириш, газдан фойдаланиш ускунасини мустақил равишда кўчириш, алмаштириш ва таъмирлаш;

б) газдан фойдаланиш ускунаси жойлашган хоналарда меъёрий талабларга номувофиқ тарзда қайта режалаштириш;

в) газдан фойдаланиш ускунаси, мўри ва вентиляция тизимлари тузилишига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш, шунингдек, мўриларни тозалаш учун мўлжалланган вентиляция каналлари ва люкларни ёпиб қўйиш;

г) хавфсизлик ва тартибга солиш автоматика тизимини ўзбошимчалик билан ўчириш, газ приборлари, автоматика ва арматура яроқсиз ҳолга келган тақдирда газдан фойдаланиш;

д) газлаштирилган печлар ва мўриларда синч зичлиги, сувоқдаги (ёриқлар) бузилиши ҳолатларида табиий газдан фойдаланиш;

е) табиий газдан мўри ва вентиляция каналлари текширилганлиги ва тозаланганлиги ҳақидаги далолатнома мавжуд бўлмаганда ёки унинг муддати ўтганидан сўнг фойдаланиш;

ж) мўри ва вентиляция каналларини ўзбошимчалик билан тозалаш;

з) дарчалар (фрамугалар), жалюзи панжаралари, вентиляция каналлари панжаралари, ҳаммом ва ошхона эшиклари остидаги тирқишларнинг ёпиқ ҳолатларида, мўри ва вентиляция каналларида тортиш кучи йўқ бўлганда газ приборларидан фойдаланиш;

и) ишлаб турган газ приборларини қаровсиз қолдириш, узлуксиз ишлаб туришни назарда тутадиган ва бунинг учун тегишли автоматлаштирилган тизимга эга газ приборлари бундан мустасно;

к) газдан фойдаланиш ускуналаридан мактабгача ёшдаги болалар, шунингдек, ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмайдиган ва ушбу ускуналардан фойдаланиш қоидаларидан бехабар шахслар фойдаланишга рухсат этиш;

л) газ қувурларига арқон боғлаш ва газ қувурларига оғир вазнли буюм қўйиш;

м) табиий газ ва газдан фойдаланиш ускуналаридан бошқа мақсадларда фойдаланиш, газ плиталарини хоналарни иситиш учун фойдаланиш;

н) газдан фойдаланиш ускунаси ўрнатилган хоналардан ухлаш ва дам олиш учун фойдаланиш;

о) табиий газ сизиб чиқиш жойларини аниқлаш учун очиқ оловдан фойдаланиш.

Мазкур талаблар бузилиши учун фуқаролар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади, дейилади маълумотда.

«Ҳудудгазтаъминот» газ истеъмолчиларидан огоҳ бўлишни, хонадонларидаги мавжуд барча газ ускуналаридан фойдаланиш бўйича йўриқнома талаблари ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда фойдаланишни сўраган.

Мавзуга оид