Жамият | 17:10 / 25.11.2019
16714
4 дақиқада ўқилади

Сўровнома: ёшларнинг давлат тили ва ёзув ислоҳотига муносабати қандай?

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Хўш, уларнинг замонавий ўзбек тили масалаларига муносабат қандай? Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритилиши масаласига улар қанақа қарашмоқда?

БМТнинг Ўзбекистондаги глобал лойиҳаси, ижтимоий сўровлар ўтказувчи онлайн платформа – U-report`да ўзбек тилига оид айрим масалаларга ёшларнинг муносабатини билиш мақсадида сўровнома ўтказилди.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган сўровномада бутун мамлакат бўйлаб 5700дан ортиқ респондент иштирок этди.

1. Сўров натижалари шуни кўрсатадики, эркаклар аёлларга қараганда ўзбек тили масалаларига консерватив ёндашар экан. Масалан, эркакларнинг деярли 50 фоизи жой номлари ва рекламалар ўзбек тилида эмаслигини салбий қабул қилишса, аёллар орасида бу кўрсаткич 31 фоизни ташкил этади.

2. Сўровда қатнашганларнинг 68 фоизи ўзбек тилини она тили, 23 фоизи давлат тили сифатида қабул қилишини билдирган.

«Ўзбек тили – мен билмайдиган тил» варианти бўйича рақамларда 14 ва ундан кичик ёшдагилар гуруҳи етакчилик қиляпти (6 фоиз). Шунингдек, айни шу ёш гуруҳи «бу – туркий тилларидан бири» вариантида ҳам етакчилик қилмоқда (4 фоиз).

3. Респондентларнинг 41 фоизи ўзбек тилини билишини «яхши», 34 фоизи «аъло» деб баҳолаган. 14-25 ёшдаги респондентларнинг фақат 1/3 қисми ўзбек тилини «аъло» даражада билишини айтган.

Эркаклар аёлларга нисбатан ўзбек тилини билишда ўзига кўпроқ ишонади: эркакларнинг 43 фоизи бу кўникмасини «яхши» ва 35 фоизи «аъло» деб баҳолашган бўлса, аёлларда бу кўрсаткич мос равишда 38 ва 32 фоизни ташкил қилди.

4. Респондентларнинг 36 фоизи «Давлат тили тўғрисида»ги қонун билан таниш эмаслигини айтишган. 24 фоиз қатнашчи шундай қонун борлигини билади холос. 8 фоизи уни ҳеч қачон ўқимаган.

35 ёш ва ундан катта ёшдаги респондентлар бошқа ёш тоифаларига нисбатан ушбу қонун матнини етарли даражада билишмайди – уларнинг 28 фоизи унинг фақат мавжудлигини ва 12 фоизи уни ҳеч қачон ўқимаганликларини айтишди.

5. Респондентларнинг кўпчилиги (74 фоиз) лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритишга (айрим ҳарфларнинг янги кўринишда киритилиши) салбий муносабат билдиришган.

36 фоиз иштирокчи ёзув ислоҳотини керак эмас деб ҳисоблайди, 24 фоизи бунга салбий муносабатда, 14 фоизнинг фикрича эса бу ортиқча сарф-харажат қилади.

Ўғил болаларга (20 фоиз) қараганда қизлар (12 фоиз) ўзбек лотин алифбосига ўзгартириш киритишга қарши ва бунга эҳтиёж йўқ деб ўйлашади.

6. Сўровнома иштирокчиларининг 1/3 қисми бошқа ҳар қандай тилга давлат тили мақомини бериш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Респондентларнинг деярли ярми (47 фоиз) эса бу фикрга қарши. 12 фоиз иштирокчи бунга нейтрал қарайди.

Бу саволга аёллар эркинроқ қарашади – аёлларнинг 40 фоизи Ўзбекистонда иккинчи давлат тилини жорий этишга «Ҳа» деган бўлса, эркакларнинг 31 фоизи бу ғояга рози.

Ёшлар улғайгани сайин иккинчи давлат тилининг жорий қилинишига нисбатан фикри салбийлаша боради. Масалан, 15-19 ёшдагиларнинг 37 фоизи бунга қарши, аммо 31-34 ёшлилар гуруҳида бу кўрсаткич 56 фоизни ташкил этади.

7. Респондентларнинг 42 фоизи кўплаб жой номлари ва атрофдаги реклама ўзбек тилида бўлмаганлигига салбий муносабат билдиришди (шундан 11 фоизи буни давлат тили тўғрисидаги қонунни бузиш деб ҳисоблайди).

Ёш гуруҳлари орасида 25-34 ёшдаги респондентлар бу масалани – аксарият муассасалар номи ва рекламаларнинг ўзбек тилида эмаслигини энг кўп салбий қабул қилишини айтиб ўтган.

8. Сўровнома қатнашчиларининг 19 фоизи Ўзбекистонда ўзбек тилини билмасдан яшаш ва ишлаш мумкин эмас ёки қийин деб ҳисоблашади.

Иштирокчиларнинг 48 фоизи, гарчи бу қийин бўлса-да, ўзбек тилини билмасдан ҳам Ўзбекистонда яшаш ва ишлаш мумкин, деб ҳисоблашар экан.

Мавзуга оид