Ўзбекистон | 08:26 / 26.11.2019
82957
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон яна бир маҳсулот импортини кескин қисқартиришга қарор қилди

Фото: iStock

Ёғоч-қириндили плиталар ҳамда уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, импортни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади. Президентнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзкимёсаноат” АЖ, Молия вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда:

республикага импорт қилинаётган ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини нархларини таҳлил қилади ва божхона тўловларини тўлиқ тўланишини таъминлаш учун уларга базавий нархларни белгилаш чораларини кўради;

2020 йил 1 январдан бошлаб ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга муайян инвестицион мажбуриятлар асосида, атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда табиий қамишзорларни 10 йилдан кам бўлмаган муддатга бепул фойдаланишга бериш тизимини жорий этади;

“Навоийазот” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган “формалин 37 фоиз” ҳамда “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган “карбамид А” маҳсулотларига қўлланилаётган нархларни таҳлил қилади ва монопол юқори нарх қўллаш ҳолатларини олдини олиш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда ғўзапоя, қамиш ва бошқа маҳаллий ўсимликлар асосида ёғоч-қириндили плиталар ишлаб чиқаришга қўйиладиган умумий техник талаблар ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминлайди.

Бунда, халқаро талабларга мувофиқ маҳсулотнинг юқори даражада конструктив мустаҳкамлиги ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини маҳаллий хом-ашёдан ишлаб чиқариш бўйича илғор хорижий тажрибага асосланган услубий қўлланмаларни яратади ва ўзининг расмий веб-сайтига бепул тарзда жойлаштиради.

 Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

республикага импорт қилинаётган 1 метр куб ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларига (ТИФ ТН коди 4410), 2020 йил 1 январдан бошлаб қатьий 25 АҚШ доллари ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб қатьий 30 АҚШ доллари миқдорида акциз солиғи жорий этилади.

Ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларини қамиш, ғўзапоя ва бошқа маҳаллий ўсимликлардан ишлаб чиқарувчи корхоналарга (ТИФ ТН коди 4410) 2020 йил 1 январдан 2022 йил 1 январга қадар муддатда қуйидаги кўринишдаги солиқ ва божхона имтиёзлари берилади:

ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқариш фаолияти бўйича фойда солиғи, ер ва мол-мулк солиғи тўлашдан озод этиш;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича корхоналар томонидан импорт қилинадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, қамиш ва ғўзапояни ўриб олиниши ва улардан ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган техника воситалари, асбоб-ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этиш. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг буюртмалари бўйича республикада ёғоч қириндили плиталар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва замонавий техникаларни ўзлаштириш юзасидан таклиф этаётган хорижий мутахассислар ва кўргазмаларнинг хорижий иштирокчиларига кириш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминлайди (ҳақиқий харажатларни қоплаш йиғимлари бундан мустасно).

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг буюртмалари бўйича ёғоч қириндили плиталар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва замонавий техникаларни ўзлаштириш юзасидан жалб қилинган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари расмийлаштирилиши, берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек вақтинча рўйхатга олиш, яшаш манзили бўйича ҳисобга олиниши ва уларнинг узайтирилишини таъминлайди.

Мавзуга оид