Ўзбекистон | 15:39 / 26.11.2019
4620
2 дақиқада ўқилади

Цемент корхоналари устидан экологик назорат кучайтирилади

Фото: KUN.UZ

Цемент ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти устидан экологик назорат кучайтирилади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ҳужжат цемент ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти устидан амалий экологик назоратни таъминлаш мақсадида қабул қилиниши айтилган.

2020-2022 йилларга Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига кирувчи аналитик лабораторияларнинг моддий техника таъминотини яхшилаш бўйича Дастури тасдиқланади.

Республикада фаолият юритувчи барча цемент ишлаб чиқариш корхоналарига 2022 йил 1 январга қадар атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктлари (постлари)ни хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан ўрнатиш юкланади.

Қарор билан белгиланган талаблар бажарилмаган тақдирда хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан фаолиятини тўхтатишгача бўлган чоралар қўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

2020 йил 1 январдан бошлаб цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг барчасини ифлослантириш манбалар мониторинги амалга ошириладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг рўйхатига мажбурий киритишни;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ушбу қарорнинг иккинчи бандида назарда тутилган талабларни бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминлайди.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири А.Ж. Раматовга ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Қўчқоров зиммасига юкланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид