Спорт | 11:30 / 26.11.2019
31015
2 дақиқада ўқилади

Россияни катта спортдан 4 йилга четлатиш тавсия қилинди

Фото: AP Photo/David J. Phillip

Россиялик спортчилар 4 йилга йирик халқаро мусобақалардан четлатилиши мумкин: Мувофиқлик қўмитаси Бутунжаҳон аксилдопинг агентлигига (ВАДА) шундай тавсия берган. 

Агентлик баёнотига кўра, бунга Россия томонидан навбатдаги допинг қоидабузарликларига йўл қўйилиши сабаб бўлди. Гап Москва аксилдопинг лабораторияси маълумотлари сохталаштирилиши ҳақида бормоқда. 

Агар тавсиялар бажарилса, россиялик спортчилар Токиодаги 2020 йилги Олимпиадада иштирок этишга қўйилади, бироқ 2018 йил Пёнгчангда бўлиб ўтган қишки Олимпиададаги каби нейтрал мақомда иштирок этадилар. Россия байроғи тақиқ остида бўлади, ғолиб бўлган спортчилар шарафига Россия мадҳияси янграмайди.

Бундай чоралар нафақат Олимпия ўйинлари, балки Паралимпия ўйинлари, ўсмирлар Олимпиадаси, жаҳон чемпионатларига ҳам тааллуқли бўлади. Бу мусобақаларнинг расмий тадбирларида Россиянинг расмий шахслари иштирок эта олмайди. Шунингдек, россияликлар турли қўмиталар ва кенгашлар таркибига киришига рухсат берилмайди.  

Бундан ташқари, агар ВАДА тегишли қарорни қабул қилса, Россия 4 йилга йирик халқаро мусобақаларни ўтказа олмайди. Агар Россия бунгача у ёки бу мусобақани ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, бу ҳуқуқ ундан тортиб олиниб, бошқа давлатга берилади.

Агентликнинг Россия спорти бўйича қарор чиқариладиган йиғилиши 9 декабрга белгиланган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид