15:50 / 28.11.2019
0
14133

МИБ: 10 млрд сўмлик уй бўйича фақат ижро ҳужжати бор холос

Фото: МИБ

Бугун, 28 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра, қарор билан 1 июндан бошлаб, ижро иши юритишни қўзғатиш ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан кейин бир иш куни ичида ижро иши қўзғатилиши йўлга қўйилди (муқаддам 3 кун).

Яна бир жиҳат - ижро ҳаракатлари кўпи билан икки марта кечиктирилиши мумкин, олдинлари неча марта кечиктирилиши мумкинлиги қонунчиликда кўрсатилмаганди.

Эндиликда, ижро ҳаракатларини бажаришда юзага келган масалаларни тушунтириш учун давлат ижрочиси томонидан тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб 15 иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этиши қатъий белгиланган.

Бюро органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 21,9 триллион сўмлик 2,7 миллионта ижро ҳужжатининг ижроси тамомланди.

Давлат ижрочилари томонидан қабул қилинган қарорлари ва ижро ҳаракатлари ҳақидаги хабарномаларни автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобиль алоқа воситалари орқали қисқа хабар (SMS) кўринишида йўллаш чоралари кўрилаётгани билдирилди.

Тадбирда нега алиментлар, кичик қарздорликлар бўйича ундирувлар тўғрисида мунтазам хабар берилиши, лекин катта шов-шувларга сабаб бўлган ишлар, масалан собиқ ҳокимлар, собиқ прокурорлар иши бўйича амалга оширилаётган ижро ҳаракатлари бўйича маълумот берилмаслиги, масалан, 10 миллиард сўмлик уй бўйича ҳам турли тахминлар билдирилаётгани тўғрисида сўралди.

МИБнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фаррух Тошпўлатов ушбу саволга жавоб қайтарди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Албатта, жамоатчиликни шов-шувли хабарлар қизиқтиради. Лекин бизга бундай ишлар доирасида фақат шу мулкка доир ажрим ҳужжатигина етиб келади ва биз шу асосда мулкни сотувга қўямиз. Бу ҳужжатда жиноят иши бўйича ёки судланувчиларга оид маълумотлар бўлмайди. Лекин бу борада ҳам ишлаяпмиз, келгусида йирик ижро ҳаракатлари доирасида шахсларга оид маълумотларни ҳам очиқлаш, шу йўл билан адолат қарор топаётганини оммага ошкор қилишни режалаштирганмиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top