Ўзбекистон | 11:05 / 29.11.2019
12441
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан учрашув ўтказди

Тошкентда ўтаётган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви доирасида 29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Нурсултон Назарбоевни Ўзбекистонга ташрифи билан самимий қутлаб, унга Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари етакчилари учрашувларини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун яна бир бор миннатдорлик билдирди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги анъанавий яқин муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, аниқ амалий мазмун билан бойиди.

Элбоши Нурсултон Назарбоев, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк бор 2018 йил Остона (айни пайтда – Нур-Султон) шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда ҳамда шерикликнинг амалий лойиҳаларини илгари суриш учун самарали майдон бўлмоқда.

Учрашувда икки томонлама муносабатларга оид, шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков билан ҳам учрашуви бўлиб ўтди. 

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари изчил кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани, товар айирбошлаш ортаётгани, гуманитар алмашинувлар жадаллашгани алоҳида таъкидланди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Томонлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Тошкентдаги маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш ҳамда дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.

 

Мавзуга оид