Спорт | 09:00 / 01.12.2019
14557
2 дақиқада ўқилади

Фото: Қуюқ туман туфайли Ўзбекистон чемпионатининг икки ўйини қолдирилди

«Қўқон-1912», «Навбаҳор», «Андижон» ва «Қизилқум» жамоалари қуюқ туман туфайли ўз ўйинларини якунлай олишмади. Ўйинлар бугун давом эттирилади.

Ўзбекистон Суперлигасида икки ўйин туман туфайли кейинроққа қолдирилди.

Чемпионатнинг якуний 26-тури доирасида Қўқонда кечаётган «Қўқон-1912» — «Навбаҳор» ўйини 36-дақиқада тўхтатилган. Бу вақтда ўйинда ҳисоб 1:1 кўринишида эди.

Эндиликда жамоалар ўйинни бугун, 1 декабрь куни давом эттиришади. Жамоалар соат 12:00да ўйинни 36-дақиқадан бошлашади.

Худди шундай ҳолат Андижонда ҳам кузатилган — «Андижон» ва «Қизилқум» жамоалари ўртасидаги ўйиннинг 52-дақиқасида (бу вақтда ҳали ҳисоб очилмаганди) ПФЛ комиссари ўйинни тўхтатишга қарор қилган. Бу ерда ҳам қуюқ туман туфайли майдондаги футболчилар рақиб дарвозасини кўра олмай қолишган. Бу ўйин ҳам бугун соат 12:00да давом эттирилади.

Хабарларга кўра, Қўқондаги ўйинда майдонда бир неча тўпда ўйналган, ўйинда аслида нечта гол урилгани номаълум.

26-турнинг бошқа ўйинлари натижаларига кўра муддатидан аввал чемпион бўлиб улгурган «Пахтакор» 69 очко тўплаган. Кейинги ўринларда «Локомотив» (49), «Бунёдкор» (43) ва «Сўғдиёна» (40) жойлашган.

Энг сўнгги - 14-ўринни эгаллаган «Динамо» (21) қуйи лигага тушиб кетди. Самарқандликлар билан бир хилда очко тўплаган, лекин тўплар нисбати яхшироқ бўлган «Бухоро» ўтиш ўйинларида иштирок этади.

Мавзуга оид