14:10 / 01.12.2019
1
45232

Самарқандда яна икки кишини тупроқ босиб қолди

Самарқанд шаҳри бўйлаб коммуникация тармоқларини ўтказиш ишлари кетаётгани боис кўчаларда қазиш ишлари олиб борилмоқда ва инсон ўлимига олиб келган турли бахтсиз ҳодисалар ҳам рўй бериб турибди.

30 ноябрь куни соат 17:30 атрофида Самарқанд шаҳрининг Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари чорраҳасида коммуникация қувури ўтказиш ишлари олиб борилаётган вақтда тупроқ массаси кўчиб тушиши натижасида икки киши тупроқ остида қолди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси берган маълумотга асосланиб берган хабарига кўра, «Стапласт» масъулияти чекланган жамияти ишчиси, 1997 йилда туғилган М.Т. жиддий тан жароҳати олган ва тез тиббий ёрдам хизмати орқали РШТЁИМга олиб кетилган. 1981 йилда туғилган У.Р. эса воқеа жойида вафот этган.

Аввалроқ, 13 ноябрь куни Самарқанд шаҳрининг «Боғимирзо» маҳалла фуқаролар йиғини Хишрав кўчасида бахтсиз ҳодиса юз бергани, ёлланма ишчи сифатида жалб этилган Н. Р. ва П. Д. сувоқова қувурида таъмирлаш ишларини олиб бораётганида кутилмаганда уларни тупроқ босиб қолган ва улар воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top