Ўзбекистон | 11:10 / 04.12.2019
25413
14 дақиқада ўқилади

2020 йилда Ўзбекистонда қанча янги иш ўрни ташкил этилиши очиқланди

Фото: Президент матбуот хизмати

2020 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш параметрлари эълон қилинди. Президентнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган.

Қайд этилишича, ёшлар ва аёллар ўртасидаги ишсизлик юқорилигича қолмоқда (мос равишда 14,9 фоиз ва 12,5 фоиз), ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1,3 миллион кишини ташкил этган. Иш билан банд аҳоли таркибида норасмий банд кишилар улуши (меҳнат миграциясиз) юқорилигича қолиб, 39,0 фоизни ташкил этмоқда. Иш берувчилар меҳнат бозорига чиқаётган ёшларнинг касбий малака даражаси етарли эмаслигидан эътироз билдирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан республиканинг иш берувчи ташкилотлари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2020 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш прогноз кўрсаткичлари маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар:

а) 2020 йилда 382 минг доимий янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича прогноз кўрсаткичлари;

б) 2020 йилда меҳнат органлари томонидан 461 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг прогноз кўрсаткичлари;

в) 605 минг ўзини ўзи меҳнат даромади олишга йўналтирган ва яширин иш ўринларида ишлаётган шахсларни расмийлаштириш параметрлари тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, қарор билан тасдиқланган прогноз параметрлари Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизими ва Ягона миллий меҳнат тизимида акс этган, ҳисобот даврида ташкил этилган иш ўрнига ишчи ёлланган ва ўрнатилган тартибда иш ҳақи ҳисобланган ва суғурта бадали тўланган тақдирда бажарилган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланиши мумкин:

а) вазирлик таркибидаги “Mehnat.uz” Ахборот-компьютер маркази масъулияти чекланган жамияти “Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш офиси” маркази этиб қайта ташкил этилади, унинг асосий вазифалари сифатида:

ишсизликни камайтириш, меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларга сифатли хизматлар кўрсатиш, норасмий банд бўлганларни расмий меҳнат муносабатларига жалб этиш, ишсизларни, айниқса ёшлар ва аёлларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни ташаббус қилиш;

меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва амалга оширилишини мувофиқлаштириш, лойиҳаларни амалга ошириш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари ва бошқа идоралар ва ташкилотлар вакилларидан иборат эксперт гуруҳлари тузиш;

лойиҳаларнинг паспортларини ишлаб чиқиш ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳайъатига келишиш учун киритиш, лойиҳаларнинг режалаштирилган натижаларига эришиш юзасидан мониторинг юритиш;

меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш масалалари бўйича ахборот-маълумотнома тизимлари ва интерактив хизматларни ривожлантириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида ягона ахборот технологиялари сиёсатини олиб бориш белгиланади;

б) Давлат меҳнат инспекцияси ҳузурида Бирлашган Араб Амирликларининг Меҳнат ресурслари вазирлиги ҳамкорлигида “Меҳнат соҳасидаги мурожаат ва низоларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш маркази” (“Меҳнат – М” маркази) ташкил этилади. “Меҳнат – М” марказининг асосий вазифалари сифатида:

Бирлашган Араб Амирликларининг Меҳнат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги “TWA-FOOK” марказлари тажрибаси асосида меҳнат муносабатлари соҳасидаги ишчилар ва иш берувчиларнинг мурожаат ва шикоятларни “бир дарча” тамойили асосида тезкор кўриб чиқиш ва давлат меҳнат инспекцияси ваколатлари доирасида ҳал қилиш тизимини яратиш;

меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳар бир мурожаат ва шикоятни кўпи билан 5 иш куни ичида кўриб чиқиш, шундан 2 кун - меҳнат низоларининг иш берувчи ва ишловчи ўртасида ўзаро ҳал қилинишини рағбатлантириш (медиация қилиш), низолар ҳал қилинмаган тақдирда кейинги 2 кунда давлат меҳнат инспектори ваколати доирасида ҳуқуқий маслаҳат бериш, масала ечилмаган тақдирда 5-чи куни меҳнат қонунчилиги доирасида тегишли чора кўриш ёки материалларни суд органларига киритиш;

лозим бўлган ҳолларда меҳнат муносабатлари соҳасидаги мурожаат ва шикоятларни ҳал қилиш жараёнига касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг уюшма ташкилотлари вакилларини жалб этиш.

в) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш офиси” ва “Меҳнат М” марказларининг фаолиятини таъминлаш учун ташкилий масалаларни ҳал қилиш, шу жумладан улар фаолияти тўғрисидаги низом, шунингдек, жойлашуви ва ташкилий тузилмаларини тасдиқлаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги “Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш офиси” ва “Меҳнат М” марказларининг таъмирлаш ва сақлаш харажатлари Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент шаҳри Яшнобод, Юнусобод ва Сирғали туманларида вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроларини намунавий лойиҳалар асосида 2020 йил 1 мартгача қурилишини якунлаб, ишга туширади;

2020 йил давомида меҳнат органлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини мониторинг қилиш мақсадида вазирлик марказий аппарати ҳузурида бандликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини видеокузатув камералари ва “abkm.mehnat.uz” тизими орқали доимий назорат қилиш имконини берувчи Ситуацион тезкор марказни ташкил этади;

бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан ҳар бир кўрсатилаётган хизматнинг маъмурий жараёнлар регламентини қайта кўриб чиқади ва тасдиқлайди, бунда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати, вақти, ходимларнинг меҳнат ва ижро интизоми, аҳолининг хизматлардан қониқиш ҳосил қилиш даражасини ўрганишни таъминлашни назарда тутилади;

ҳар бир бандликка кўмаклашиш марказида ишга жойлаштиришга йўлланма берилаётган ишсиз фуқароларга иш берувчиларга тақдим этиш учун шахсий резюмени шакллантириш мақсадида расмга олиш ҳамда фуқароларга кўрсатилаётган хизмат сифатини он-лайн режимида баҳолаш учун мосламалар (рақамли фотокамера ва планшет)лар билан таъминлаш чораларини кўради;

меҳнат органларига мурожаат этаётган, айниқса ишсиз ёшлар ва аёллар, қайтиб келаётган меҳнат мигрантларини меҳнат бозорига мослаштириш (реинтеграция) қилиш, жумладан касбга мослаштириш, иш берувчи билан суҳбатга тайёрлаш мақсадида аутсорсинг шартларида психолог мутахассисларини жалб этади;

2020 йил давомида ишсизлар сони юқори бўлган маҳаллаларда 10 та “Меҳнат гузари” комплексларини намунавий лойиҳалар асосида қуриш, уларда ишсиз аҳоли, биринчи навбатда ёшлар, аёллар, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига хизмат кўрсатиш ва микро ишлаб чиқариш учун имтиёзли равишда жой ажратиш, келгусида эса уларга ажратилган жойларни бозор нархларида харид қилиш имконини беради;

2020 йил давомида бандликка кўмаклашиш марказлари ва ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказларида умумий ўрта таълим муассасаларида катта синф ўқувчилари учун улар эгаллашни хоҳлаган касбларнинг асосий хусусиятлари ва касб стандартларини таърифловчи мультимедиа воситалари билан жиҳозланган ситуацион хоналарни ташкил этган ҳолда касбга йўналтириш дастурини жорий этади;

2020 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда, Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курсларида Бош прокуратура академиясининг фаолияти тажрибасини кенг жорий этиш, шу жумладан меҳнат органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, масофавий таълим, ўқитиш ва тренингларнинг интерфаол услубларини кенг жорий этиш орқали ривожлантириш ҳамда ишга киришга номзодларнинг самарали танловини ўтказишни таъминлайди.

2020 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш прогноз параметрларини ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, хўжалик бошқаруви органлари йирик лойиҳаларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига – кичик корхона ва микрофирмаларни ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига – бюджет маблағларидан тегишлилиги бўйича ижтимоий соҳа объектларини ишга тушириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига – юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий ва якка тартибдаги тадбиркорликни, шу жумладан ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш шунингдек, норасмий сектордаги яширин иш ўринларини легаллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси – масъул давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 2020 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг ўз вақтида ва самарали бажарилишини мувофиқлаштириш юзасидан жавобгарлик юкланади.

2020 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш прогноз параметрлари юзасидан кўрсатилган масъул вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар ой якунига кўра кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар тегишли маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига умумлаштириш ҳамда натижаси ҳақида Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун тақдим этиб борилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Халқаро Меҳнат Ташкилоти, Жаҳон банки ҳамкорлигида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда:

а) 2020 йил ноябрь ойига қадар 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича узоқ муддатли Миллий стратегиясини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади. Миллий стратегияда:

меҳнат бозори ҳолатини чуқур ўрганиш, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштиришни ҳар томонлама таҳлил қилиш, сифатли ва холисона баҳолаш орқали меҳнат бозорида банд аҳоли улушини оширишнинг илғор механизмларини жорий қилиш;

бандликни ривожлантиришга ёрдам берадиган ва ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда ишсизлик даражасини камайтиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;

бандликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш ва самарали сиёсат олиб бориш орқали аҳолини доимий иш ўринлари билан таъминлаш асосида уларнинг реал даромадларини ошириш;

бандликни қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган сиёсатни ва мониторинг қилиш, ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқаришнинг асосий кўрсаткичларни самарали баҳолаш назарда тутилади.

б) Тошкент давлат иқтисодиёти университети Меҳнат иқтисодиёти Илмий мактаби билан биргаликда 2020 йил декабрь ойига қадар мамлакатдаги инсон капитали даражаси ва миллий иш кучини рақобатбардошлигини ошириш Концепциясини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади. Концепцияда:

мамлакат корхоналарида илғор хорижий тажриба асосида меҳнат унумдорлигини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

мамлакат иш кучининг инсон капитали даражаси ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уни аниқлаш ва баҳолаш индекслари методикасини тармоқлар ва ҳудудлар кесимида яратиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа корхоналарида меҳнатни меъёрлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш режа-жадвалларини тасдиқлаш назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йилда эксперимент тариқасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, айниқса ногиронлиги бор шахсларни иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида:

ногиронлиги бор шахслар учун иш ўринларини яратаётган кичик корхоналар ва тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир яратилаётган иш ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача, лекин жами ҳар бир корхона учун 500 базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаган ҳолда микрокредитлар ажратишни жорий этиш;

ишга лаёқатли ногиронлиги бор шахсларни электрон реестрини шакллантириш ва реестрга киритилган шахсларни бўш иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашиш;

тадбиркорлик субъектлари ва корхоналарга иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бор шахсларга мослаштириш учун Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир мослаштираётган иш жойи учун 40 базавий ҳисоблаш миқдоригача ёрдам пули ажратиш;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса кам таъминланган ва меҳнат мигрантлари оилаларининг аъзолари, ногиронлиги бор шахсларни бепул ўқитиш курсларини ташкил этиш;

Давлат меҳнат инспекцияси томонидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун захираланган иш ўринларини яратишга доир қарорларни бажармаслик, бўш лавозимлар мавжуд бўлган ҳолда ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш берувчиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўришни таъминлайди.

Мавзуга оид