2020 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш параметрлари эълон қилинди. Президентнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган.

Қайд этилишича, ёшлар ва аёллар ўртасидаги ишсизлик юқорилигича қолмоқда (мос равишда 14,9 фоиз ва 12,5 фоиз), ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1,3 миллион кишини ташкил этган. Иш билан банд аҳоли таркибида норасмий банд кишилар улуши (меҳнат миграциясиз) юқорилигича қолиб, 39,0 фоизни ташкил этмоқда. Иш берувчилар меҳнат бозорига чиқаётган ёшларнинг касбий малака даражаси етарли эмаслигидан эътироз билдирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан республиканинг иш берувчи ташкилотлари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2020 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш прогноз кўрсаткичлари маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар:

а) 2020 йилда 382 минг доимий янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича прогноз кўрсаткичлари;

б) 2020 йилда меҳнат органлари томонидан 461 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг прогноз кўрсаткичлари;

в) 605 минг ўзини ўзи меҳнат даромади олишга йўналтирган ва яширин иш ўринларида ишлаётган шахсларни расмийлаштириш параметрлари тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, қарор билан тасдиқланган прогноз параметрлари Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизими ва Ягона миллий меҳнат тизимида акс этган, ҳисобот даврида ташкил этилган иш ўрнига ишчи ёлланган ва ўрнатилган тартибда иш ҳақи ҳисобланган ва суғурта бадали тўланган тақдирда бажарилган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланиши мумкин:

а) вазирлик таркибидаги “Mehnat.uz” Ахборот-компьютер маркази масъулияти чекланган жамияти “Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш офиси” маркази этиб қайта ташкил этилади, унинг асосий вазифалари сифатида:

ишсизликни камайтириш, меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларга сифатли хизматлар кўрсатиш, норасмий банд бўлганларни расмий меҳнат муносабатларига жалб этиш, ишсизларни, айниқса ёшлар ва аёлларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни ташаббус қилиш;