Ўзбекистон | 09:45 / 05.12.2019
1570
2 дақиқада ўқилади

Инвестицияларга алоқадор қонун лойиҳаси қайта номланди

Бугунги кунда мамлакатда инвестиция муносабатларини тартибга солиш турли соҳа ва тармоқлар бўйича қабул қилинган қонунлар билан амалга оширилиб келмоқда. Бундай амалиёт инвестиция соҳасининг ривожига тўсиқ бўляпти, дейилади парламент сайтида.

Қайд этилишича, қонуности ҳужжатларининг кўплиги айрим ҳолларда соҳадаги қонунчилик мантиғининг бузилишига ва ҳуқуқий қарама-қаршиликларга (коллизияга) олиб келмоқда.

Бундай камчиликларни бартараф этиш, соҳани янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 21 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

Айни кунларда мазкур қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан иккинчи ўқиш олдидан кенг муҳокама этилиб, такомиллаштирилмоқда. Мазкур жараёнларда лойиҳанинг номланиши унинг мазмунидан келиб чиқиб, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги деб қайта номланди. Шунингдек, ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилмоқда.

Инвестиция фаолиятининг асосий тамойилларига тегишли моддалар атрофлича кўриб чиқилмоқда. Кўрсатилган асосий тамойилларнинг мазмунини очиб берувчи алоҳида моддалар (мисол учун, 6-модда “Инвестиция фаолиятини амалга ошириш шартларнинг барқарорлиги тамойили” 19-моддага, 9-модда “Инвесторларни таҳқирлашга (дискриминацияга) йўл қўймаслик тамойили” 15-моддага) қонун лойиҳасининг тегишли моддаларига ўтказиляпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид