Жамият | 21:57 / 05.12.2019
42583
2 дақиқада ўқилади

Исломбек Тўлаганов коллеждаги ўқишини давом эттирмоқда

Тошкент тиббиёт коллежи талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида айбдор деб топилиб, суд қарорига биноан озодликдан маҳрум этилган, кейинчалик жазо муддатини ўташ вақтида колониядаги режимни бузмагани ва меҳнатга виждонан ёндашгани туфайли муддатидан илгари озод этилган Ислом Тўлаганов айни пайтда Олмазор туманидаги тиббиёт коллежида ўқимоқда.

«Хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган чора-тадбирлар» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, унга нисбатан жазо муддати тугатилиб, фақат ахлоқ тузатиш ишлари бўйича қўшимча жазо муддати белгиланган.

Даврон Азизов

«2019 йилнинг 1 январида ИИВ тизимида Пробация хизмати ташкил этилган. Мазкур хизмат озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган шахслар билан ишлайди. Пробация хизмати ўз ҳисобидаги шахсларнинг назорати учун тўлиқ жавобгардир. Тўлаганов масаласига келсак, унга нисбатан мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланган. Унинг зиммасидаги мажбуриятини бажариши яшаш жойидаги пробация хизмати, маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика инспектори томонидан доимий назорат қилиб борилади. Бундан мақсад у билан аввал содир бўлган ҳодиса такрорланишининг олдини олишдан иборат», дея ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг биринчи ўринбосари Даврон Азизовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2017 йил 30 октябрдаги ҳукмига кўра, Исломбек Тўлаганов Жасурбек Иброҳимовнинг ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган деб топилган ҳамда унга ЖКнинг 85-моддаси тартибида 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Мавзуга оид