Жаҳон | 23:20 / 05.12.2019
31771
2 дақиқада ўқилади

Туск «Трампни отишга олиб кетаётгандек» тушган суратини эълон қилди 

Еврокенгаш раҳбари ва Польшанинг собиқ бош вазири Дональд Туск твиттердаги саҳифасида адаши – АҚШ президенти Дональд Трампнинг орқасидан қўлини тўппонча қилиб уни «отишга олиб кетаётгандек» тушган суратини эълон қилиб, ижтимоий тармоқларларни «портлатди».

Ушбу сурат Лондонда ўтган НАТО саммити вақтида олинган бўлиб, унда Туск гўёки қўлини тўппонча қилганча Трампнинг орқасидан тираб тургандек акс этган. Туск суратга «Мавсумий ўзгаришларга қарамай, бизнинг трансатлантик дўстлик давом этиши лозим», деб изоҳ қолдирган. 

Еврокенгаш раҳбари саҳифасига обуна бўлган фойдаланувчиларнинг ушбу суратга изоҳлари ҳам унга монанд бўлган: “Hände hoch» (“Қўлингни кўтар”), “НКВД мактаби. Қойил, шаввоз!”, “Кадр тасодифан шундай чиққан бўлса-да, уни атайлаб жойлаштиришган. Шок”, “Нима учун пан ўзини аҳмоқона тутади?”.    

Баъзи кузатувчилар НАТОнинг Лондондаги саммитида Трамп баъзи сиёсатчилар томонидан кулгу остига олинганига эътибор қаратишган. Жумладан, аввалроқ интернетда Канада бош вазири Жастин Трюдо, Британия бош вазири Борис Жонсон ва Франция президенти Эмманюэль Макрон АҚШ президентининг устидан кулишаётгани видеоси тарқалганди. Таъкидланишича, Туск ҳам юқоридаги суратни мазахона тарзда эълон қилган бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид