Ўзбекистон | 16:01 / 11.12.2019
7681
5 дақиқада ўқилади

Навоийлик сайловчилар диққатига!

Халқ демократик партияси Ўзбекистонда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этишни ўзининг олий мақсади деб билади.

Бизнинг ғоялар мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга, халқимиз турмушини фаровонлаштиришга йўналтирилган. Давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифа сифатида белгилаб олган. Бунда қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларга эътибор қаратиш лозим. Навоий вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг бу борадаги мулоҳазалари билан танишинг:

Обиджон Саидов, педагог, Навоий шаҳридаги “Export fish product” масъулияти чекланган жамият директори, 38-Навоий сайлов округидан номзод:

– Партиямиз ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди.

Демак,ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатишда давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланиш ҳамда ижтимоий тадбиркорлик бўйича илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш олдимизда турган энг асосий вазифадир.

Салоҳиддин Ҳасанов, ветеринария врачи, Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва ташхис ишлари бошқармаси бошлиғи, 39-Қизилтепа сайлов округидан номзод:

– Молия, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда ногиронлар жамиятларига давлат субсидияларини ажратиш, давлат сармояси ҳисобидан ногиронлар учун ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш ҳамда ушбу корхоналарга ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан ижтимоий буюртма бериш тартибига доир аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва ҳукуматга тақдим этиш бугунги долзарб масалалардан ҳисобланади.

Канимгул Нарбаева, педагог, Конимех тумани Мактабгача таълим бўлими мудири, 40-Зарафшон сайлов округидан номзод:

Биз ҳар бир инсоннинг ҳаётий зарур ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланишини қонунчилик даражасида ва реал ҳаётда кафолатлашни истаймиз. Биз фуқароларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, маданий ҳаётда иштирок этиш ва малакали юридик хизматдан  фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатланади.

Камолиддин Нурмуродов, маркетинг давлат бошқаруви, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи, 41-Хатирчи сайлов округидан номзод:

– Ҳаммамиз биламиз, одамларнинг яхши яшаши ва муносиб турмуш шароитига эга бўлишида коммунал соҳа ривожи муҳим аҳамиятга эга. Сайловолди дастуримда коммунал соҳада рақобат муҳитини яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш билан боғлиқ муҳим масалалар акс этган.

Фикримча, марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминотини, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатувчи корхоналарни табиий монополияси бўйича қонунчилик меъёрларини кўриб чиқиш лозим.

Дилдора Адизова, информатика ва ахборот технология, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Нурота туман кенгаши раиси, 42-Нурота сайлов округидан номзод:

Сайловолди дастуримда юқори сифатли ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига катта эътибор қаратилган. Мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини, шунингдек, тегишли мажбурий тиббий суғурта механизмларини қонунчиликда мустаҳкамлашга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси билан чиқиш керак.

Партиямиз мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодий салоҳияти аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш учун хизмат қилиш керак, деб ҳисоблайди. Бу мамлакатда ижтимоий барқарорлик ва фуқаролар бирдамлигини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Халқ демократик партияси номзодларига овоз беринг!
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати

Мавзуга оид