Жамият | 21:58 / 11.12.2019
5049
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги 81-мактаб тадбиркор томонидан тўлиқ қайта таъмирлаб берилди

81-мактабнинг собиқ ўқувчиси, “Real House” компанияси таъсисчиси Исроил Юнусов ташаббуси билан муассасанинг тўлиқ капитал таъмири учун 7 миллиард сўм ажратилиб, обод масканга айлантирилди, дейилади Маърифат газетасида чоп этилган мақолада.

Шунингдек, мақолада 56 йил муқаддам қурилган мактаб биноси кейинги йилларда анча таъмирталаб бўлиб қолгани, кўча юзидаги ушбу мактабнинг ярми кемтик панжарали бўлиб қолгани, тўрт қаватли бинонинг ташқи деворлари ҳам нурай бошлагани, айниқса, мактабнинг қўшимча биноси ачинарли ҳолатга келиб қолгани айтилади.

Шу боис мазкур мактаб ўқувчилари сони шу кунгача минг нафардан ошмаган. Бир неча йил аввал мактаблар мониторингида муассаса паст натижа кўрсатиб келган.

Мактаб директори Зиёда Ҳайдарованинг саъй-ҳаракатлари натижасида муассаса ўтган йили рейтингда 300 дан зиёд мактаб орасида 14-ўринни эгаллаган.

«Фахрий ўқитувчилар билан бамаслаҳат тадбиркор ва жамиятда ўз ўрнини топган собиқ ўқувчиларни излай бошладик. Шукрки, мактабнинг ободлиги учун ҳисса қўшишга тайёр ҳомийларимиз сафи кенгая борди. Ўқув йили якунида “Real House” компанияси кўмагида капитал таъмирлаш ва реконструксия ишларини бошлаб юбордик. Уч ой давомида 150 нафар қурувчи-уста тинмай меҳнат қилди.

Шу қисқа давр ичида ўқувчилар сони 1 400 нафардан ошди. Уларга 81 нафар малакали педагог таълим-тарбия бермоқда», — дея мактаб директори Зиёда Ҳайдарованинг сўзларини келтиради Маърифат мухбири Шоира Боймуродова.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид